Ўзбекистон 2016 йилдан кейинги давр ичида сўз ва матбуот эркинлиги борасида сезиларли ижобий натижаларга эришди. Шунга қарамай, бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп ва эришилган натижалар билан кифояланиб қолиш янги марраларни забт этишга имкон бермайди.

Kun.uz мухбири бир неча йилдан буён АҚШнинг «Америка овози» медиа компаниясида фаолият юритиб келаётган ўзбек журналисти Навбаҳор Имомова билан сўз эркинлиги мавзусида суҳбатлашди.

Пандемия даврида журналистика ва сўз эркинлиги

— Дунё журналистикаси, шу жумладан Ўзбекистон пандемия даврида ўзига хос синовга дуч келди. Улар чекланган муҳитда қандай ишлай олишлари борасида синовдан ўтди. Ҳукуматлар пандемия муносабати билан сиёсий чекловлар ҳам жорий этди.

Айтишим мумкинки, бу даврда Марказий Осиёда ОАВни энг кўп назорат қилган давлат Қирғизистон бўлди. У ерда журналистлар кўплаб тадбирларни виртуал тарзда кузатишга мажбур бўлишди. Аммо Ўзбекистонда бунинг аксини кўрдик. Муайян ОАВ тадбирларни ёритди. Бунга имкон берилди.

Барча давлатлар, сўз ва матбуот эркинлиги, нима деган нарсани қайта кўриб чиқишига тўғри келди. Чунки журналистлар кўпроқ одамлар ичида юриши керак. Маълум бир жараён ичида бўлиши лозим. Пандемия даврида журналист ҳам уйидан эфирга чиқишига тўғри келди.

Бундай паллада нариги томон, яъни ҳукуматнинг ахборот олиш имкониятингизни тўсиш бобида қудрати ошди. Балки кўплаб расмийлар орзу қилган имкон пайдо бўлди. Кимга нима маълумотни қанча миқдорда беришни бемалол белгилай олди. Журналистлар эса, борига шукр қилиши керак бўлди.

Бундан ташқари, пандемия даврида ҳукумат қандай ишни амалга оширмасин, уларнинг фойдасига бўлди. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар очилди. Ваҳоланки, олдинроқ, бошқа муаммоли мавзуларда ҳам шу ишларни қилса бўларди.

Бошқа томондан, журналистлар ҳам ҳукуматга янада кўпроқ танқидий кўз билан қарай бошлади. АҚШдан тортиб, Ўзбекистонгача журналистлар ҳукумат пандемия даврида ишни эплай олмаяпти, деган позицияда ёндашди. Жумладан, Америкада май ойи ўрталаригача коронавирус таҳдидига ҳукумат эътибор бермади. Бироқ кейин шошилинч тарзда кескин чоралар кўра бошлади.