Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мандарин импорти бозори юзасидан ўрганиш ўтказилди. Унда мазкур цитрус мева нархининг кескин ошиб кетиш сабабларига эътибор қаратилган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда талаб юқори бўлган Хитой (кичик) мандаринининг 1 кг нархи 2020 ноябрь ойида 47 минг 990 сўм бўлиб, 1-10 декабрь кунларида ноябрь ойига нисбатан 7 минг сўм (14,6 фоиз)га қимматлаган. 11-16 декабрь кунларида ой бошидаги нархга нисбатан 5 минг сўм (9,1 фоиз)га арзонлашиб 49 минг 990 сўмни ташкил қилган.

Таъкидланишича, 1 тонна мандарин (кичик навлари) харид нархи 12 миллион 125 минг сўм бўлиб, унинг транспорт харажати 15 миллион 750 минг сўмни, божхона божи 4 миллион 410 минг сўмни, ҚҚС 2 миллион 64 минг сўмни, бир марталик сертификатлар ва рухсатномалар учун 2 миллион 627 минг 300 сўм, мандарин учун бошқа харажатлар 1 ярим миллион сўм жами харажатлар 1 тонна мандарин учун 38 миллион 500 минг сўмни ташкил этган.

«Ўзбекистонга келтирилаётган цитрус мевалар Хитой давлатидан Қозоғистон орқали транзит олиб кирилаётгани сабабли транспорт ва ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари ортиб кетган», — дейилади қўмита ўрганиши маълумотномасида.

Айни кунларда Хитой орқали импорт қилинган мандарин маҳсулоти нархи ўтган йилга нисбатан 40 фоиз ошган. Коронавирус пандемияси сабабли мандарин маҳсулотлари экспортга деярли сотилмаётганлиги ва мандарин маҳсулотининг Хитойдан республикамиз божхона постигача етиб келиши учун энг камида 2 ҳафта муддат талаб этилаётганлиги, бу эса ўз навбатида йўл харажатларининг ошиб кетиши ҳамда маҳсулотнинг вазн ва сифат кўрсаткичларига салбий таъсир этганлиги қайд этилган.

Шунингдек, Аргентинадан 2020 йил сентябрда импорт қилиб келтирилган 1 кг мандариннинг тахминий таннархи – 27 минг 820 сўм, савдо дўконлардаги нархи ўртача 55 минг сўм эканлиги ҳисобга олинса, нархнинг қарийб 50 фоизи таннарх (Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши) қисми етказиб бериш, улгуржи ва савдо устамаларига тўғри келмоқда.

Туркиядан 2020 йил ноябрда импорт қилиб келтирилган 1 кг мандариннинг тахминий таннархи – 12 минг 47 сўм, савдо дўконларидаги нархи ўртача 18–26 минг сўм эканлиги ҳисобга олинса, бунда ҳам нархнинг қарийб 50 фоиз таннарх (Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши) қолган қисми етказиб бериш, улгуржи ва савдо устамаларига тўғри келмоқда.