11:35 / 13.01.2021
25053

Жиззахда қулаб тушган бино иши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар бермоқда.

Жорий йил 10 январь куни ижтимоий тармоқларда Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушганлиги ҳақида хабарлар тарқалган ва бу борада дастлабки расмий баёнот берилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.

Жорий йилнинг 10 январ куни соат 17:10да Жиззах шаҳридаги «Зилол» маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири кутилмаганда, ҳеч бир табиий офат таъсирисиз қулаб тушди.

Расмий маълумотга кўра, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Фойдаланишга топширилмаган бино 6 қаватли бўлиб, хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати турар жой, дастлабки 2 қавати нотурар жой сифатида қурилаётган бўлган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилгани, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Мавзу
Жиззахда 6 қаватли бино қулаши
2021 йил 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилиб, ҳали фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уй қулаб тушди.
Барчаси
Top