Кино санъати инсоннинг диди ва маданиятини оширади. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўзбек миллий кино санъатини ривожлантиришга бўлган эътибор тобора кенгайиб бормоқда. Шахсан давлат раҳбарининг ташаббуси билан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан юртимиз бўйлаб 11 январдан 11 февралга қадар “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” ойлиги ва унинг доирасида “Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги” кўтаринки руҳда ўтказилди.


Киноҳафталик давомида Ёшлар ижод саройида кино санъатини севувчи меҳмонлар иштирокида ҳафталикнинг очилиш маросими, эстрада юлдузлари томонидан шоу-концертлар, “Мен террорчи эмасман”, “Сумбул” фильмларининг илк намойиши барча ташриф буюрганларда ёрқин таассурот қолдирди.

Айниқса, “Ўзбекистон – бизнинг диёримиз” мавзусида болалар учун ташкил қилинган ижодий танлов ва мультфильмлар намойиши кичик меҳмонларга кутилмаган совға бўлди.

Дастур давомида 2021 йилнинг янги кинолойиҳалари бўйича питчинг ташкил этилиб, унда Акбар Бектурдиевнинг «Узбечка», Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Бўйсунмас”, Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Мирмақсуд Охуновнинг “Сўнгги дарвеш”, Абдусамат Ғаниевнинг “Йиғламас” ва шу каби кинолойиҳалари муҳокамаси бўлиб ўтди.

Шунингдек, ёш киноижодкорларни қўллаш мақсадида жорий этилган питчинг тизими ҳам киноҳафталикнинг муҳим воқеасига айланди.

Юртимиз бўйлаб замонавий ва шинам кинотеатрларнинг сони ортиб бораётгани киноихлосмандларини янада хурсанд қилмоқда. Ҳафталик доирасида пойтахтимизда яна бир янги кинотеатр - “Riviera”нинг очилиш маросими ташкил этилди.

“Riviera” кинотеатри замонавий дизайни ва ўзининг жозибаси билан ҳар қандай томошабинни маҳлиё этади.




















