2020 йил декабр ойида иқтисодий фаоллик индекси (ИФИ) 52,7ни ташкил этиб, ноябр ойига (51) нисбатан 1,7 бирликка, ишбилармонлик кайфияти индекси (ИКИ) эса 60,1ни ташкил этиб, (ноябр ойида 57,4) 2,7 бирликка ошган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан 2020 йил декабр учун эълон қилинган Иқтисодий фаоллик кўрсаткичи ҳисоботида маълумот берилган.
«Иқтисодий фаоллик индексининг ошиши, хизматлар ҳамда савдо соҳаларида тармоқ иқтисодий фаоллик индексларининг ноябр ойига нисбатан мос равишда 4,7 (51,4дан декабр ойида 56,1гача) ва 5,3 бирликка (52,9дан 58,2гача) ошиши билан изоҳланади. Шу билан бирга, декабр ойи учун ўтказилган сўров натижалари саноат ва қурилиш соҳаларида иқтисодий фаоллик бирмунча сустлашганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, саноат соҳасида иқтисодий фаоллик индекси 0,8 бирликка ва қурилиш соҳасида 1 бирликка пасайган», – дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, тармоқлар кесимида ишбилармонлик кайфияти индекси қурилиш соҳасида бирмунча пасайган бўлса, саноат, хизматлар ва савдо соҳаларида ошган. Бунда, декабр ойида ишбилармонлик кайфияти индекси ноябр ойига нисбатан қурилиш соҳасида 1,6 бирликка пасайган бўлса, саноат соҳасида 2,3 бирликка, хизматлар соҳасида 5 бирликка, савдо соҳасида 0,7 бирликка ошган.
Саноат соҳасида Иқтисодий фаоллик индекси жорий йилнинг декабр ойида 49,7ни ташкил этиб, ноябр ойига (50,5) нисбатан 0,8 бирликка пасайган.
Бунда, мазкур индекс таркибидаги ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда иш ўринлари сонининг ўзгариши бўйича ҳисобланган индекслар ноябр ойига нисбатан мос равишда 2,8 ва 3,5 бирликка пасайган бўлса, маҳсулотларга буюртмалар ҳамда хомашё захиралари индекслари 0,6 ва 2,4 бирликка ошган. Саноат тармоқлари кесимида, иқтисодий фаоллик индекси озиқ-овқат саноатида ошган бўлса, қурилиш материаллари, текстил, ёғоч, мебел, қоғоз ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатларида пасайган. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши декабр ойида ушбу тармоқ маҳсулотларига мавсумий талабнинг ошиши билан боғлиқ бўлса, қурилиш материаллари, текстил, мебел ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш мавсумий пасайиши билан изоҳланиши мумкин. Шу билан бирга, декабр ойида ишлаб чиқариш ҳажмлари камайганлигини қайд этган респондентларнинг 32 фоизи талабнинг нисбатан пастлигини, 24 фоизи айланма маблағлар танқислигини, 14 фоизи табиий газ, 15 фоизи электр энергияси ва хомaшё таъминоти билан боғлиқ муaммолар мавжудлигини маълум қилган.















