Ўзбекистон 2026 йилги иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнини 14 поғонага яхшилади ва 184 давлат орасида 86-ўринни эгаллади. 2025 йилга нисбатан мамлакатнинг иқтисодий эркинлик даражаси 2,3 пунктга ошди ва 60,3 кўрсаткичга етди (максимал натижа – 100 балл). Рейтингда Ўзбекистоннинг энг яқин қўшнилари Сан-Томе ва Принципи (85-ўрин) ва Намибия (87-ўрин) ҳисобланади.

1998-2026 йилларда Ўзбекистонга берилган умумий баллнинг ўзгариш динамикаси

Кўрсаткичлар ўзгариши

Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 2025 йилга нисбатан 12 та индикаторнинг 8 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, 2 та индикаторда эса салбий ўзгаришлар кузатилган. Шунингдек, яна 2 та индикатор бўйича нарижалар ўзгаришсиз қолган.

Қонун устуворлиги:

  • мулкий ҳуқуқи — 43,1 (+9,6);
  • давлат яхлитлиги — 32 (+0,8);
  • суд-ҳуқуқ тизими самарадорлиги — 13,7 (-0,8).

Давлат аралашуви даражаси:

  • солиқ юки — 95 (+2,2);
  • давлат харажатлари — 73,7 (+0,1);
  • фискал саломатлик — 79,9 (+6,6).

Давлат томонидан тартибга солиш самарадорлиги:

  • бизнес юритиш эркинлиги — 62,5 (-1,9);
  • меҳнат бозори эркинлиги — 48,4 (+0,5);
  • пул эркинлиги — 65,1 (+0,5).

Бозорнинг очиқлиги:

  • савдо эркинлиги — 80,6 (ўзгармаган);
  • инвестиция эркинлиги — 70 (+10);
  • молиявий эркинлик — 60 (ўзгармаган).

Мамлакатлар иқтисодиёти беш гуруҳга бўлинган: эркин (80 дан 100 баллгача), асосан эркин (70−79,9 балл), ўртача эркин (60−69,9), асосан эркин бўлмаган (50−59, 9) ва репрессив (0−49,9). Янги рейтингда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳисобот эълон қилина бошланганидан бери биринчи марта ўртача эркин даражага кўтарилди. Хусусан, республика 1998-2006 йилларда репрессив, 2007-2009 йилларда иқтисодиёти эркин бўлмаган, 2010-2016 йилларда яна репрессив, 2017-2025 йилларда иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига киритилганди.