Ўзбекистон | 01:36 / 19.01.2021
15500
4 дақиқада ўқилади

Хоразмдаги манфаатлар тўқнашуви бўйича прокуратурага сўров киритилди — Аксилкоррупция агентлиги

Фото: KUN.UZ

Хоразмда вилоят ҳокими ўринбосарининг укасига тегишли компания 20 млрд сўмлик давлат буюртмасини ютгани, ҳоким ўринбосари Баҳром Қурбонов ўзи эса тендер комиссияси раиси бўлгани маълум қилинган эди.

18 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи ИК томонидан 2020 йилда ўтказилган бу тендер савдоларининг қонунларга мослиги ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Билдирилишича, Хоразм вилояти ҳокимининг 2020 йил 21 февралдаги қарори билан тендер комиссияси таркиби тасдиқланган бўлиб, комиссия раиси сифатида вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Б.Қурбонов, комиссия раиси ўринбосари сифатида ҳокимлик ҳузуридаги ягона буюртмачи ИК директори Қ.Раҳимов белгиланган.

Бошланғич нархи қарийб 20,4 миллиард сўм «Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш» объекти бўйича «BUNYODKOR» МЧЖ, «URGANCH QURILISH BETON» МЧЖ ва «IRDIMZON QURILISH» хусусий корхонаси оферталар тақдим қилган.

2020 йил 23 июнь кунги баённомага кўра, «BUNYODKOR» МЧЖ қарийб 20,2 миллиард сўм таклиф қилган ҳолда тендер ғолиби бўлган.

Маълум бўлишича, 11 июнь ва 23 июнь кунлари ўтказилган тендер савдо йиғилишларида, комиссия раиси (Б.Қурбонов) ва унинг ўринбосари (Қ.Раҳимов) аслида иштирок этмаган бўлса-да, мазкур йиғилиш баённомаларини имзолаб тасдиқлаган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида «BUNYODKOR» МЧЖнинг таъсисчиси Улуғбек Шарипович Қурбонов Хоразм вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари – тендер комиссияси раиси Баҳром Шарипович Қурбоновнинг туғишган укаси экани тасдиқланган.

Бу – «Давлат харидлари тўғрисида»ги 472-сонли қонуннинг 5-, 19-, 39– моддаларига зид.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 11 июндаги фармойишига кўра, соғлиқни сақлаш объектларини фойдаланишга қабул қилиш ҳудудий давлат комиссияси таркибида Б.Ш.Қурбонов ҳудудий давлат қабул ҳайъати раиси сифатида белгиланган.

«Келгусида, Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангач, мазкур объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида, турли қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида мазкур объектни қабул қилишда Б.Ш.Қурбоновнинг давлат қабул ҳайъати раиси сифатида фаолият юритиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», – дейилади агентлик ахборотида.

Таъкидланишича, қайд қилинган қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган вилоят ҳокими ўринбосари Б.Қурбонов, ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Қ.Раҳимов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Хоразм вилояти ҳокимлигига коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган.

Бундан ташқари, Хоразм вилояти прокуратураси иш юритувидаги вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачи инжиниринг компанияси мансабдор шахсларга нисбатан ЖКнинг 205-моддаси билан қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши тергови жараёнида Б.Қурбонов, Қ.Раҳимов ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини тергов йўли билан текшириб, қонуний баҳо бериш ва тергов натижалари тўғрисида агентликка ахборот бериш юзасидан Хоразм вилояти прокуратурасига сўровнома юборилган.

Мавзуга доир:

Навоийда амалдорларнинг оиласига тегишли компаниялар давлат тендерларида ғолиб бўлган

«Навоийча тендер-2». Вилоятдаги кўплаб қурилиш ишлари амалдорларга алоқадор компаниялар томонидан бажарилган

Андижонда давлат объектларини қуриш қариндош-уруғлар ўртасида тақсимлаб олинган

Жиззахда вилоят ҳокимининг фарзандига тегишли корхона 2 миллиард сўмлик давлат буюртмасини бажарган

«Жиззахча тендер-2». Жиззах вилояти «замҳоким»ининг қариндошлари бир неча юз миллиардлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани маълум бўлди

Мавзуга оид