«Бу Американинг куни, бу демократия куни. Тарих ва янгиланишга бўлган умид куни. Бугун биз номзоднинг эмас, балки мақсадларимиз ғалабасини нишонлаяпмиз. Мақсадлар - демократия. Халқнинг иродаси эшитилди. Биз яна бир бор демократия мўрт ва қадрли эканини тушундик. Бугун, дўстларим, демократия ғалаба қозонди», дея ўз нутқини бошлаган Байден.

Янги президент ўз нутқида миллатни бирликка чақирган ва бир неча марта АҚШнинг барча фуқароларини бирлаштиришга, «барча америкаликлар» президенти бўлишга ҳаракат қилишини таъкидлаган.

«Қизил кўкка қарши туради. Шаҳар - қишлоққа. Консерваторлар - либералларга. Аммо биз бунга чек қўйишимиз мумкин», деган Байден.

Президент АҚШ сиёсий экстремизм ва ички терроризмга тўқнаш келаётгани, бу муаммоларни енгиб ўтиш зарурлигини қайд этиб ўтган.

«Худо ва барчангизнинг олдингизда конституцияни, демократия ва Американи муҳофаза қилиш учун сўз бераман. Биз биргаликда Америка тарихини ёзамиз - қўрқувлар эмас, умидлар тарихини», деган Байден йиғилганларга юзланиб.

Жо Байден ким: АҚШнинг янги президенти ҳақидаги асосий маълумотлар

Маросим қандай ўтди?

Қасамёддан аввал республикачи сенатор Рой Блант ва демократларнинг президентликка собиқ номзоди Эми Клобушар чиқиш қилишди, шунингдек, Леди Гага АҚШ мадҳиясини ижро этди.

Маросимнинг асосий қисми тушдан кейин бошланди (Тошкент вақти билан соат 22:00). Капитолий биноси олдида биринчи бўлиб Камала Ҳаррис АҚШ олий суди судьяси Сони Сотомайор гувоҳлигида Конституцияга содиқлигини айтиб қасам ичди.

Қасамёд матни XIX асрдан бери ўзгаришсиз келмоқда: «Тантанали равишда қасамёд қиламанки, мен Қўшма Штатлар президенти мажбуриятларини ҳалоллик билан бажараман ва Қўшма Штатлар конституциясини сақлаш ҳамда ҳимоялаш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан».

Байденни Олий суд раиси Жон Робертс қасамёд қилдирди.