Касаба уюшмалари федерацияси ишчилар яхши иш шароитларида ишлаши учун мeҳнатини муҳофаза қилиш йўналишида семинар-тренинглар ташкил этмоқда. Федерация ташаббуси билан ўтган йилларда меҳнат муносабатларига доир қонун ва қонуности ҳужжатлари асосида 3 томда “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами” ҳам ўзбек ва рус тилларида нашр этилди

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш объектлари тобора кўпайиб бормоқда ва табиий равишда қурилиш соҳасида банд бўлаётган аҳоли сони ҳам ошмоқда. Бу эса Касаба уюшмалари федерацияси зиммасига ҳам қурилиш объектларида ишлайдиган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ҳақида кўпроқ қайғуриш масъулиятини юкламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон республикaси қурилиш тaрмоғини модернизaция қилиш, жaдaл вa инновaцион ривожлaнтиришнинг 2021-2025 йиллaргa мўлжaллaнгaн стрaтегиясини тaсдиқлaш тўғрисидa”ги фармонида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини қурилиш тармоғи объектларида жорий этишни таъминлаш белгиланган.

Мана шу йўналиш доирасида 21 январ куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Капитал Қурилиш бошқармасининг “Иш жойидаги хавфсизлик – инсон саломатлиги гарови” мавзусида семинар-тренинги бўлиб ўтди. Унда федерациянинг соҳа мутахассислари, тармоқ касаба уюшмалари ҳамда қурилиш соҳасида махсус кийим ва ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи ташкилот муассасалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда асосий урғу иш берувчи иш жойида меҳнат муҳофазасини қандай шартлар асосида таъминлаши кераклиги, ходим эса хавфсиз шароитда ишлаши учун ҳуқуқларини яхши билиши кераклигига қаратилди.

Тадбир давомида Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Ҳайдар Фозилов ўтган йиллар давомида қандай қурилиш объектлари қурилганлиги ва келгусидаги режалар ҳақида ҳам тўхталди.

“Ўтган 4 йил давомида касаба уюшмалари 100дан зиёд объектларда қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция ишларини амалга оширди. 2021 йилнинг ўзида 20га яқин объектларда қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Жумладан, Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида 200 ўринли, Жиззахнинг Зомин туманида 400 ўринли, Хоразмнинг Хонқа туманида 150 ўринли, Наманганнинг Чортоқ  туманида 200 ўринли санаториялар ва Бухоро шаҳрида 200 ўринли болалар оромгоҳи қуришни режалаштиряпмиз”, – деди Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи.