Стэнфорд университетидаги Анестезиология ва оғриқ тадқиқотлари институти инсон ҳис қилиши мумкин бўлган энг кучли оғриқ турлари рейтингини тузишди. Рейтингга кўра, уч шохли нервнинг яллиғланиши энг кучли оғриқ берар экан. Бу оғриқни ҳис қилганлар уни 10 балли шкаладан 10 баллга баҳолашган. Аёлларнинг айтишича, бу оғриқ туғруқ вақтидаги оғриқдан ҳам кучлироқдир.

Эндиликда беморлар ушбу касалликдан «Chinobod Fayz Plyus» клиникасининг малакали шифокорлари ёрдамида даволанишлари мумкин.

«Уч шохли нерв невралгияси жуда кучли оғриқ билан кечадиган касаллик бўлиб, беморларда оғриқ бир неча йиллар давом этади. Шу кунгача ушбу касалликда биз неврологлар томонидан консерватив даво муолажалари олиб борилар ва антиконвульсантлар (карбомазепин, финлепсин) билан чекланар эдик. Ушбу таклиф этилаётган жарроҳлик услуби фармакорезистент, яъни ушбу дорилар беморга етарли ёрдам бермаган ҳолатларда жуда самарали бўлиб, ўзининг наркозсиз, тиғсиз ва тез оғриқдан халос этиши билан ажралиб туради. Асосийси, уч шохли нерв невралгияси кекса ёш беморларда учрагани боис, бу жарроҳлик амалиётида ёшга хос чекловлар қўйилмайди», - дея таъкидлаб ўтди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неврологи Мажидова Ёқутхон Набиевна 2019 йил 6 декабрда ўтказилган хорижий олимлар иштирокидаги неврологлар республика анжуманида. Ушбу янги инновацион даволаш услуби хақида анжуман иштирокчиларига ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Мажидова Ёқутхон Набиевна

Уч шохли нерв невралгиясининг клиник намоён бўлиш белгилари

Кўп ҳолларда уч шохли нерв невралгияси тиш оғриғи сингари намоён бўлади. Даставвал бемор тиш оғридан шикоят қилиб стоматологларга мурожаат қилади, врач оғиз бўшлиғини текширувдан ўтказади, лекин оғриқ давом этади. Айрим ҳолларда беморнинг қистови билан соғлом тишлар ҳам олиб ташланади.

Шунга қарамай оғриқ бошқа тишларда пайдо бўлади. Оғриқ чидаб бўлмас даражага етади, бу худди беморнинг юз қисмига электр токи ургандек намоён бўлади. Тишларни тозалаш, овқатланиш, совуқ ҳаво ва ҳатто гаплашиш ҳам оғриқни қўзғатиб юборади.

Бемор оғриқлардан қўрқиб қолади, оғриғим бошланиб қоладими деб доим қўрқиб туради. Оғриқ қаттиқ бўлган вақтларда бемор юзининг оғриқ бўлаётган қисмини қаттиқ босишга, оғриқни пасайтиришга ҳаракат қилади.

Баъзан юздаги оғриқларга оғиз бўшлиғи ва тилдаги оғриқлар ҳам қўшилади. Кўпинча беморлар кетма-кет бир нечта соғлом тишларини ҳам олдириб юборишади ва шундан сўнг невропатолог қабулига келишади.