Умуртқа поғонаси диск чурраси (грыжа) – бу ҳозирги замонавий ҳаёт тарзини кечираётган инсонларда жуда кўп учрайдиган касалликлардан бири ҳисобланади. Оғир юкларни кўтариш, кам ҳаракат қилиш ва ўтириб ишлаш тарзи кўп ҳолларда диск чурраси пайдо бўлишига сабаб бўлади ва беморлар невропатологларга мурожаат қилади.

Кўп ҳолатларда консерватив даволаш услублари яхши самара беради, беморлар белдаги ва оёқлардаги оғриқдан халос бўлади. Беморларда дори дармонлар, физиомуолажалар ва мануал терапия каби даволаш услублари етарли самара бермаса, бундай ҳолатларда жарроҳлик услубларига мурожаат қилинади. Жарроҳлик амалиётлари ҳам беморга жароҳат етказиш даражасига қараб бир неча хил услубларга бўлинади. Булар асосан анъанавий ва беморга кам жароҳат етказиб бажариладиган жарроҳлик услубларидир.

Албатта ҳозирги кунда юқори технологик, беморга кам жароҳат етказиб ўтказилувчи жарроҳлик услублари бутун дунё тиббиётида оммалашиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, беморни тезроқ меҳнат фаолиятига ҳеч қандай оғриқларсиз қайтариш. Ушбу мақолада сизга Ўзбекистон амалиётида мавжуд бўлган замонавий жарроҳлик услубларининг баъзилари хақида қисқача маълумот берилган ва уларнинг афзалликлари санаб ўтилган.

1. Совуқ плазмали нуклеопластика (Холодноплазменная нуклеопластика)

Бу услуб умуртқа поғонасида жойлашган диск чурраларини кам жароҳат етказган ҳолда, хавфсиз ва самарали даволашнинг муваффақиятли услуби эканлигини намоён қилди. Ушбу инновацион услубда беморда қон йўқотиш, касалхонага ётқизиш зарурати бўлмайди ва узоқ муддатли реаблитация талаб этилмайди. Услубнинг моҳияти шундан иборатки, ингичка узун игна билан умуртқалараро жойлашган диск чуррасига етиб борилади, игна орқали махсус электрод киритилади, электрод учида ҳосил бўлган совуқ плазма ёрдамида дискнинг ички босими камайтирилади. Бу ўз навбатида ташқарига чиқиб кетган диск чуррасини ортга қайтиб, нерв тўқимасини босишига барҳам беради.

2. Нуклеотомия ва аннулопластика

Бу услуб нисбатан каттароқ диск чурраларида ўтказиладиган услуб бўлиб, нуклеопластика ва эндоскопик жарроҳлик услублари ўртасидаги оралиқ жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Бу услубда нуклеопластикадан фарқли равишда кичик қисқичлар (3 мм) ёрдамида диск чурраси жойлашган умуртқа поғонаси қисмидан кўпроқ қисми олишга ҳаракат қилинади. Мақсад диск ички босимини янада кўпроқ камайтириш ва ташқарига чиқиб кетган дискни ортга қайтаришига кўпроқ имкон яратиш.