Умуртқа поғонаси диск чурраси (грижа) – бу ҳозирги замонавий ҳаёт тарзини кечираётган инсонларда жуда кўп учрайдиган касалликлардан бири ҳисобланади. Оғир юкларни кўтариш, кам ҳаракат қилиш ва ўтириб ишлаш тарзи кўп ҳолларда диск чурраси пайдо бўлишига сабаб бўлади ва беморлар невропатологларга мурожаат қилади.
- Кўп ҳолатларда консерватив даволаш услублари яхши самара беради, беморлар белдаги ва оёқлардаги оғриқдан халос бўлади. Беморларда дори дармонлар, физиомуолажалар ва мануал терапия каби даволаш услублари етарли самара бермаса, бундай ҳолатларда жарроҳлик услубларига мурожаат қилинади. Жарроҳлик амалиётлари ҳам беморга жароҳат етказиш даражасига қараб бир неча хил услубларга бўлинади. Булар асосан анъанавий ва беморга кам жароҳат етказиб бажариладиган жарроҳлик услубларидир.
Албатта ҳозирги кунда юқори технологик, беморга кам жароҳат етказиб ўтказилувчи жарроҳлик услублари бутун дунё тиббиётида оммалашиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, беморни тезроқ меҳнат фаолиятига ҳеч қандай оғриқларсиз қайтариш. Ушбу мақолада сизга Ўзбекистон амалиётида мавжуд бўлган замонавий Эндоскопик жарроҳлик услуби ҳқисқача маълумот берилган ва унинг афзалликлари санаб ўтилган.
Бу услуб ҳар қандай катталикдаги диск чуррасини умуртқа поғонаси бутунлиги ва мустаҳкамлигини бузмаган ҳолатда олиб ташлаш имконини берувчи энг замонавий услуб ҳисобланади. Операция жараёнида бемор териси 8 мм кесилади ва умуртқа поғонаси диск чурраси жойлашган жойга диаметри 6.5 мм бўлган махсус эндоскоп ёрдамида етиб борилади. Эндоскоп орқали 3 мм ли қисқичлар ёрдамида ҳар қандай катталикдаги диск чурраси олиб ташланади. Эндоскоп махсус ёриткич ва тасвирни 25 мартагача катталаштириб кўрсатувчи камералар билан жиҳозланган бўлиб, бу жарроҳлик амалиётлари жуда аниқлик билан бажарилишига имкон беради. Одатда операциядан сўнг беморга операция кунининг ўзида ҳаракатланишига рухсат берилади. Умуртқа суякларининг табиий ҳолати сақлаб қолиниши, беморга тез тикланишига имкон беради.
Эндоскопик жарроҳлик услубининг асосий афзалликлари:
- Аксарият ҳолатларда эндоскопик операциялар умумий наркозсиз ва фақат маҳаллий оғриқсизлантириш остида ўтказилади;
- Жароҳат жойи 7-8 мм кесилади ва жароҳатга чок қўйилмайди. Операциядан сўнг жароҳат жойида деярли чандиқ қолмайди;

















