2020 йил 9 июл куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 432-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор номида кўрсатилгандек, мақсад активлардан самарали фойдаланиш ва молиявий соғломлаштириш эди. Аммо, натижа бунинг тескариси бўлди: Навоий шаҳридаги, яқингача «Навоийазот» АЖга қарашли бўлган «Кимёгар» спорт мажмуаси қарордан сўнг ёпилиб қолди ва айни кунда фаолият юритмаяпти.

Халқ тилида «Химик стадиони» деб аталувчи ушбу спорт мажмуасидан кўплаб номдор спортчилар етишиб чиққан. Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпиада енгил атлетиканинг диск улоқтириш баҳсларида иштирок этиб, чемпион бўлган ва жаҳон рекордини янгилаган Ҳусниддин Норбеков шулардан бири. Бундан ташқари, армрестлинг бўйича ҳам кўплаб жаҳон чемпионлари ушбу спорт комплексида малакали мураббийлар қўл остида машқ қилишган.

Ҳукуматнинг юқорида таъкидланган қарори билан «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибидаги ташкилотлар давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида берилган. Жумладан, «Химик» стадиони ҳам Навоий шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган. Ушбу «кўчиш» жараёнида нафақат стадион ҳамда қўшимча спорт бинолари, балки у ерда ишловчи 27 нафар мураббий ва ишчи-ходимнинг кейинги фаолияти ҳам сўроқ остида қолмоқда.

— “Навоийазот”да 16 йилдан бери ишлаб келяпман. Ёлғиз онаман. Спортни ривожлантириш ҳақида президентнинг кўплаб қарорлари қабул қилиняпти. «Навоийазот»да 8–10 минг нафарга яқин одам ишлайди. Улар ҳам спорт билан шуғулланиши керак эмасми? Чемпионлар, ногиронлар келиб машғулот олиб боришади бу ерда. Қолаверса, ишчи-ходимлар орасида боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз оналар бор.

Навоий вилояти ҳокимлигидан ҳеч ким келиб тушунтириш бермади. Навоий шаҳар ҳокимлигидан келганлар «Ўзинг ишингни топ. Бизга объектнинг ўзи керак, тамом» дея очиқчасига айтяпти. Ҳозир бирор жойга борган билан ишнинг ўзи йўқ. Бу масалада вилоят ва шаҳар ҳокимлигига бир неча маротаба бордик. Бизни ҳеч ким эшитмади. Ойлигимиз, кейинги ҳаётимиз нима бўлади, бунга ҳеч ким қизиққани йўқ. Бизга 2020 йил 13 ноябр куни 2021 йил 13 январгача огоҳлантириш хати берилган. Ушбу санадан бу ёғига ойликка ишлаяпмизми, беҳудага ишлаяпмизми – билмаймиз ҳеч биримиз. Лекин йўлкира сарфлаб, ишга келяпмиз», — дейди ишчилардан бири Саида Севарова.