Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига чиқиндиларни саралаш кўникмалари ўргатилади. Бу – «Қизиқарли чиқинди» дидактик ўйини орқали амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳозирда лойиҳа пилот босқичида амалга оширилмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.
Бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлигининг тизимда экологик таълим ва экологик маданиятни ривожлантиришни жорий этиш бўйича пилот лойиҳа мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Дастур Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Мактабгача таълим вазирлиги, SVB Advisory Британия – Ўзбекистон барқарор ривожланиш компанияси ва Hashar Week ижтимоий лойиҳаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шинга кўра, лойиҳанинг пилот бочқичи Тошкент шаҳридаги 13та боғчада ўтказилмоқда.
«Ҳозирги кунда экологик муаммолар глобал масштабда аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтайи назардан, экологик тарбияни мактабгача таълим ташкилотларида жорий қилиш ҳам муҳим.

Пилот босқичида лойиҳа билан 4069 нафар бола ва уларнинг ота-оналари қамраб олинган. Дастур 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Дастур самарадорлигини таъминлаш мақсадида пилот лойиҳада иштирок этаётган 13та МТТнинг 50 нафар тарбиячиси учун 2020 йилнинг декабр ойида ўқув семинарлари ўтказилди. Бунда тарбиячилар боғча ёшидаги болаларнинг экологик таълими доирасида хулқ-атвор психологияси техникаларини ўзлаштиришди.
Лойиҳа кейинчалик республиканинг барча ҳудудларидаги боғчаларда татбиқ этилиши режалаштирилган», – деди вазир.
Hashar Week ижтимоий лойиҳаси муаллифи ва раҳбари Суна Парк чиқиндиларни саралашни болаларга ўргатиш жараёни қандай кечиши ҳақида маълумот берди.

«Болаларга қайта ишланадиган ва қайта ишланмайдиган чиқиндилар ҳақида кичик маърузалар шаклида маълумот берилади. Болалар тоза экологик маҳсулот бўлган ўйинчоқ қутиларга Ўзбекистон шароитида энг кўп учрайдиган маиший чиқиндилар номи кўрсатилган карточкаларни қоғоз, пластик ва қайта ишланмайдиган чиқиндиларга саралаб ташлашни машқ қилишади.


















