Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори – Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева август ойида Kun.uz сайтига интервью бериб, пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирусга чалинган беморларни ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётгани, оғир вазиятларда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.
8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳолатга муносабат билдириб, Г.Йўлдошева Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган мансабга совуққонлик билан қараш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилгани ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганини маълум қилди.
Йўлдошева ҳибсга олингани шов-шув бўлаётган бир пайтда Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов ОАВ орқали чиқиш қилиб, ҳали айби тўла исботланмаган шифокор айбдорлиги ҳақидаги қатъий фикрларини илгари сурди.
Йўлдошеванинг адвокати олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатларида айбсизлик презумпциясига амал қилинмаётганига ҳам эътибор қаратган, ҳимояси остидаги шахсга ҳали суднинг қонуний кучга кирган ҳукми чиқмай туриб ОАВ орқали у айбдорга чиқариб қўйилганини маълум қилганди.
Бундан ташқари, Xabar.uz нашри ҳам шов-шувларга сабаб бўлаётган ушбу масалага эътибор қаратиб, таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддиновнинг бу борадаги фикрларини оммага ҳавола қилганди
















