Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти расмийлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Тадбирда Ўзбекистонда 2020 йилги пахта мавсумидаги ХМТ мониторинги хулосалари маълум қилинди.

«Ўзбекистон 2020 йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам беришда сезиларли ижобий натижаларни намойиш этишда давом этди. Аввалги йилларда бўлгани сингари, ишга жойлашиш учун қонунчиликда белгиланган минимал ёшга ётмаган болаларнинг пахта теримига жалб қилиниши билан боғлиқ айрим ҳолатлар қайд этилди, холос.
Пахта ҳосилини териб олишда мажбурий меҳнатга жалб қилинган фуқаролар улуши 2019 йилга нисбатан 33 фоизга камайди», – деди ХМТ «Учинчи томон мониторинги» лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп.

Унинг сўзларига кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда пахта ҳосилини йиғиб олишда болалар меҳнатидан тизимли равишда ортиқ фойдаланилмаяпти, деган фикрда.
Мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига жалб этилмаяпти, аммо болалар меҳнатидан фойдаланиш билан боғлиқ айрим ҳоллар кузатилган.
Бундан ташқари, 2020 йилги пахта ҳосилини йиғиб олишда тизимли мажбурий меҳнатдан ҳам фойдаланилмаган. Шу билан бирга, баъзи вилоятлар ва туманларда мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир ислоҳотларни жорий қилиш билан боғлиқ айрим қийинчиликлар кўзга ташланмоқда.
«Умуман, пахта теримчиларининг аксар кўпчилиги пахта теримида кўнгилли равишда қатнашган, уларнинг 4 фоизга яқини бевосита ёки ҳис қилинадиган мажбурлашга дучор бўлган.
Айрим вилоятлар ёки туманларда 2020 йилда мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар жуда кам кузатилган ёки умуман қайд қилинмаган», – деди ХМТ бош техник маслаҳатчиси.
Ҳисоботда қайд этилишича, мажбурий меҳнатга жалб қилинган кишиларнинг сезиларли қисми маҳаллий мансабдор ёки раҳбарлардан бевосита таҳдидни ҳис қилишмаган, балки пахта теримига чиқишни рад этган тақдирда ўз ҳуқуқлари ёки имтиёзларидан маҳрум бўлиш сингари эҳтимолий салбий оқибатлардан хавотирланишган.

















