Ўзбекистон | 16:33 / 29.01.2021
4935
2 дақиқада ўқилади

Янги қурилган уйлар туфайли ичимлик сув тармоқларидаги носозликларни тузатишга 19,8 млрд сўм сарфланган – «Ўзсувтаъминот»

2020 йил давомида ичимлик сув тармоқларида содир бўлган жами 140,4 мингта авария ва носозликларни бартараф этишга 19,8 млрд сўм маблағ сарфланган. Бу ҳақда 29 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

«Ўзсувтаъминот» мутасаддиси сўзларига кўра, Ўзбекистондаги жами 70,4 минг км.дан зиёд ичимлик сув қувурларининг 26,9 минг км (38 фоизи), 9,3 мингта ичимлик сув тозалаш иншоотларидан 3,5 мингтаси (38 фоизи), 58та оқова сув тозалаш иншоотларидан 49таси (84 фоизи) таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

2020 йил давомида ичимлик сув тармоқларида содир бўлган жами 140,4 мингта авария ва носозликлар бартараф этилиб, бунга 19,8 млрд сўм маблағ сарфланган. Бугунги кунда авария ҳолатлари содир бўлишининг асосий сабабларидан бири - Тошкент шаҳрида 10 475та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, 2017–2019 йилларда 855та, 2020 йилда 302та янги кўп қаватли уйлар қурилган.
 
«Қурилаётган уйлар асосан 7 ва ундан юқори қаватли бўлиб, ушбу уйларнинг тепа қаватларини ичимлик суви билан таъминлашда насос станцияларидан фойдаланилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ичимлик суви тармоқларида босим кўтарилиб, тармоқлар зўриққан ҳолда ишлаши билан бир қаторда, сув таъминоти корхоналарининг қўшимча харажатлари ошишига сабаб бўлмоқда», – дея Тоҳир Ҳайдаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

 

Мавзуга оид