Келинг, бир бошидан ҳикоя қиламиз. Хадича Ҳусинова Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Али Қушчи» маҳалласида ижарада истиқомат қилади. Шаҳзод ва онасининг ўз уйлари йўқ. Хадича Ҳусинованинг катта опасининг ўғлининг уйида ижарада туришарди.

У турмушидан ажралган, икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи катта қилган. Айни пайтда тўнғич фарзанди — қизини турмушга узатган.

Хадича опанинг ҳали 17 ёшга кирмаган, ягона ўғли Шаҳзод Усмонов бугунги ҳикоямиз қаҳрамонидир.

2020 йил 2 март куни оилада машъум воқеа рўй беради. Шаҳзодни холаваччаси (Хадича опанинг опаси Зулайҳо Ҳусанованинг ўғли) 24 ёшли Дадахон Ҳасанов муштлари билан уриб, чап кўзи соққасини ёриб юборади. Камига унинг баданига 2 марта пичоқ билан уриб, оғир тан жароҳати етказади. Ҳозир Шаҳзоднинг чап кўзи кўрмайди.

«Ўша куни бозорда 1,5 миллион сўмга қўй сотган эдим. Зулайҳо холам неваралик бўлгани учун уларнинг уйида йиғин ташкил этилди. Дадахон бўлам бизни чақириб келди. Онам кийиниб кетди, ортидан мен уйдан 500 минг сўм пул олиб бозорлик қилиш учун дўконга Дадахон билан кирдим ва уйларига етиб бордик».

Машъум воқеа юз берган куни Шаҳзод онаси билан Дадахонларникида меҳмон бўлгач, ошни еб дарҳол уйига қайтади. Уни холаси ва Дадахон кузатиб қўяди. Сериал кўраётган онаси эса Дадахонларникида қолади.

Шаҳзоднинг ҳикоя қилиб беришича, у уйга қайтиб келгач, бироз ўтиб Дадахон эшикни тақиллатиб кириб келади.

«Дадахон Варганзага бормоқчиман, юр сени ҳам олиб кетай деди. Мен йўқ дедим. Сўнг у «унда бироз шу ерда ўтириб турай», деди. Бирга телевизор кўриб ўтирдик. Бозорда қўй сотганимни сўради. Суҳбат асносида кутилмаганда чап кўзимга мушти билан қаттиқ урди. Мен йиқилиб қолганимдан сўнг устимга чиқиб яна 3-4 марта мушт туширди. Кўзим тирсиллаб ёрилди ва қон отилиб оқа бошлади. Мен жон ҳолатда уйдан чиқиб, дарвозахона томон йўналдим. Ортимдан Дадахон етиб бориб, бўйнимдан бўғиб, чўнтагидан пичоқ чиқариб икки марта кўкрагимга санчди. Яна бўға бошлади. Унинг чангалидан бир илож қилиб қутулиб, холамларникига бордим. Дарвозани тақиллатиб, ўша ерда ҳушимдан кетибман», — деб ҳикоя қилади Шаҳзод Усмонов.