Адабиётшунос Kun.uz'га тақдим этган мақоласида ўз фикрларини ўнлаб шоирлар ва уларнинг ижоди мисолида санаб ўтган. Қуйида мақоланинг биринчи қисми билан танишишингиз мумкин.

Охирги вақтларда фақат сиёсат, иқтисодиёт эмас, маънавият соҳасида ҳам зиёлилар ва маърифат кишиларини хурсанд қиладиган бир қатор ишлар амалга оширилганлигидан ҳар қанча мамнун бўлсак арзийди.

Ўзбекистонда минглаб ижодкорлар (кўплари уюшмага аъзо эмас) – шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, адабиётшунослар ва таржимонлар ҳам анча фаоллашиб қолди. Илгариги сукунат ўрнини қайноқ ижодий меҳнат эгаллагани қувонарлидир.

Мен эътиборингизни бошқа бир мавзуга – ҳақиқий санъат асари билан сохта, қўлбола шеърлар ўртасидаги фарқ йўқолиб бораётганлиги, макулатура шаклидаги қалбаки китоблар адабиёт мухлисларининг савиясини тушириб юбораётганлиги, бу эса ҳақли равишда халқимизнинг эътироз ва норозилигига сабаб бўлаётганлиги ҳақида сўз юритмоқчиман.

Шеър – нон каби азиз ва илоҳий неъмат. Алишер Навоий, Усмон Носир, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо яратган нодир дурдоналар халқимизнинг маънавий мулкига айланган.

Афсуски, бугунги кунда айрим таниқли ва ёш шоирлар ижодида шеърга юзаки ёндашиш, одамларнинг хоҳиш ва истагини менсимаслик, санъатдан йироқ сатрларни  шеър деб аташ урф бўлиб қолганлиги ниҳоятда ташвишланарлидир. Ҳатто Ўзбекистон халқ шоири юксак унвонига сазовор бўлганлар ҳам бадиий жиҳатдан ниҳоятда бўш, риторикадан иборат ғариб мисраларни шеър, дея китобхонга тақдим этишдан уялмаяптилар.

 Эътирозлар умумий сўзлардан иборат бўлиб қолмаслиги учун ўнлаб “шеър”ни эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдим.

Кел-ей, тенглик куни, қутлуғ адолат они,наврўзим!

Адолатли диёримнинг азиз меҳмони, Наврўзим!

Сочиб кел қир-адирларга бойчечак, лолақизғалдоқ,

Яшиллик истаган ернинг ўзинг бўл жони, Наврўзим!

 

Тақиб олсин товон ўпган сочига толпопукларни

Қоши ўсма сувин ичган элим жонони, Наврўзим!

Сумалак сайри бошлансин шаҳар-қишлоқ аро ёппа,