Islom.uz портали томонидан ташкил этилган танлов аёллар ва эркаклар учун алоҳида ташкил этилди. Иштирокчиларни жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид «Арбаъин»ни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

«Арбаъин» – 40талик дегани. Унда саҳиҳ ҳадисларнинг 40таси жамланади. Расулуллоҳ бир ҳадисларида: «Умматимдан қайси бирлари ҳадисларимдан қирқтасини ёд олиб, бошқаларга етказса, қиёматда унга шафоатчи бўламан, у фақиҳ ўлароқ тирилади», деганлар.

Бутун тарихда уламолар «Арбаъин» ёзишга шу ҳадисдан илҳом олишган. Улар ичида таржима қилинганлари, назмийлари ҳам бор. Абдураҳмон Жомий ҳам форс тилида «Арбаъин» ёзди. Оз фурсатдан сўнг Алишер Навоий Жомий танлаган бу 40 ҳадисни ўзбек тилига таржима қилиб, уларни тўртликлар билан ифодалаган», – деди Ҳасанхон Қори.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Танловни ўтказишга Ўзбекистон бўйлаб Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги нишонланаётгани туртки бўлган бўлиб, бунда Навоий ижоди билан аҳолини, хусусан, ёшларни яхшироқ таништириш мақсад қилинган.

«Биз ҳам ҳисса қўшиш ниятида Islom.uz портали номидан танловни ташкил қилдик. Жуда ҳам кўп – 2000 нафар иштирокчи хайрихоҳ бўлиб, қатнашиш истагини билдирди. Ҳам ҳадис, ҳам унга изоҳ ўлароқ ёзилган тўртликни ёддан айтиб бериш кераклигини айтганимизда ҳам салкам 100 нафар қатнашчи тайёрлигини маълум қилди. Яна ҳам қувонарли жиҳати, иштирок этиш истагини билдирганларнинг ярми – аёллардир.

Асардаги ҳар бир ўнликдан биттадан – жами тўртта ҳадис матни ва унга Навоий битган тўртлик сўралади. Уларни ёддан ифодали айтиб бера олиш маҳоратига қараб баҳоланади», – деди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Танлов икки йўналишда ўтказилди. Биринчи йўналиш иштирокчиларидан ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва Навоийнинг тўртликларини ифодали ўқиб бериш сўралди.

Иккинчи йўналишда эса ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимасини, ҳадис ровийсини айтиш ҳамда тўртликни ифодали ўқиб бериш сўралди.