Ўзбекистон | 14:49 / 10.02.2021
4185
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда жорий этилиши кутилаётган 60та электрон давлат хизмати рўйхати эълон қилинди

Давлат хизматлари агентлиги 2021 йилда тақдим этилиши кўзда тутилаётган электрон давлат хизматлари рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдан 60та электрон хизмат ўрин олган.

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида 2021 йилнинг охирига қадар электрон давлат хизматларини 60тага кўпайтириб, уларни 300тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказиш зарурлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида 2021 йилда талабгорлиги юқори бўлган 60та давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий қилиш ҳамда такомиллаштириш мақсадида устувор давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш учун киритиш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, мавжуд давлат хизматлари таҳлил қилинган ҳолда, 2021 йилда давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди”, дея агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, чора-тадбирлар дастури ҳозирча лойиҳа мақомида бўлиб, у айни пайтда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокама 16 февралга қадар давом этади. 2021 йилда қайси давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилишини хоҳловчилар ушбу ҳавола орқали лойиҳа юзасидан ўз таклифларини билдириши мумкин.

Муҳокамалардан сўнг “2021 йилда давлат хизматларини устувор равишда электрон шаклга ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури” бош вазир томонидан тасдиқланиши белгиланган. Дастур давлат бошқаруви органлари, вазирлик ва идоралар томонидан анъанавий тарзда ёки бошқа манбалар орқали электрон кўрсатилаётган талабгорлиги юқори бўлган давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш йўлга қўйилишини кўзда тутади.

Мавзуга оид