«Спорт экспресс» нашри Чемпионлар лигасининг формати инқилобий даражада ўзгариши кутилаётгани ҳақида материал эълон қилди. 

Сешанба куни УЕФА ташкилотнинг барча аъзоларини Чемпионлар лигасининг формати 2024 йилдан ўзгартирилиши кўзда тутилгани ҳақида огоҳлантирди. Бош еврокубокнинг янги тузилмаси ҳозирча эълон қилинмаган - уни Европа футбол иттифоқи ижроия қўмитаси ҳам тасдиқлаши керак. Аммо ислоҳотлар лойиҳаси ҳозирдан кўпчиликка маълум - ўзгаришлар биринчи навбатда гуруҳ босқичига тааллуқли.

Асосий ўзгаришлар
— Турнирнинг гуруҳ босқичи иштирокчилари сони 32 клубдан 36тага етказилади.

— Алоҳида гуруҳлар бўлмайди. Барча 36 жамоа ягона турнир жадвалида куч синашади, жамоалар қисқартирилган швейцарча тизимда бир-бирлари билан ўйнашади.

— Ҳозирда гуруҳ босқичида жамоалар олтитадан ўйин ўтказишса, янги Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичи ўйинлари сони 10тага етади (бешта уй ўйин ва бешта сафар ўйини). Шу билан бирга, давра тизими бўлмайди: уй ўйин — ўнта турли рақиблар билан ўтказилади.

— Гуруҳ босқичи якунлангач, 1-8-ўринларни эгаллаган жамоалар плей-оффга йўл олади, 9-24-ўринларни эгаллаганлар 1/8 финалга чиқиш учун қўшимча раунд ўтказишади.

 

Қўшимча 100 ўйин. Тақвим билан нима бўлади?
Янги форматда ўйинлар сони кўпаяди. Ҳозирда гуруҳ босқичида 96 ўйин ўтказилади. Ислоҳотга кўра 18тадан ўйин ўйналадиган 10 тур назарда тутилмоқда, яъни жами 180 учрашув. Бундан ташқари, гуруҳ босқичи ва нимчорак финал ўртасида плей-оффга чиқиш учун қўшимча раунд бўлади, бу босқичда яна 16 ўйин бўлиб ўтади. Бундан келиб чиқадики, Чемпионлар лигасидаги ўйинлар сони 100тага ортади.

Гуруҳ босқичининг кенгайтирилиши тақвимни тиғизлаштиради, ўз-ўзидан қўшимча тўрт ўйин учун жой топиш керак (гуруҳ босқичида ҳозир 6 ўйин ўтказилаётган бўлса, янги форматга кўра 10 ўйин). Ҳозирча ниманинг ҳисобига ўйинлар сони оширилиши маълум эмас. Бу ҳолда ички кубок ўйинларни ўтказишда давом этиш хавф остида қолади. Эҳтимол, кузда миллий жамоалар ўйинлари учун ажратиладиган ФИФА кунлари қисқартирилар — ҳозирда уч марта шундай танаффус берилади, шундай танаффуслардан бири қурбон қилиниши ҳам мумкин.