Бугун, 9 феврал куни Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва нутқ сўзлади. Вилоят ҳокими ўз сўзида давлат раҳбарининг 4-5 феврал кунлари вилоятга ташрифи давомида Фарғона шаҳрида кўзга ташланган камчиликлар ҳақида батафсил тўхталиб, шаҳарда йиғилиб қолган муаммолар ва тезкор ечимини кутаётган масалаларни танқидий таҳлил қилди, уларни ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бугунги сессияда шаҳарнинг янги ҳокимини тайинлаш билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган Мирзоҳид Муродилович Убайдуллаев номзоди Фарғона шаҳар депутатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва у шаҳарнинг янги ҳокими этиб тасдиқланди.

Мирзоҳид Убайдуллаев 1976 йил Фарғона туманида туғилган. 1999 йил Фарғона политехника институтини, 2013 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. 2014-2015 йилларда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи, 2015-2016 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари, 2016-2020 йилларда Марғилон шаҳар ҳокими каби лавозимларда ишлаган.
У 2020 йил апрелидан буён вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётганди.
Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Дилмурод Қобулович Қобулов Республика бош прокурорининг буйруғи билан Фарғона шаҳрининг прокурори этиб тайинланди.

Дилмурод Қобулов 1981 йилда Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. Андижон вилоят прокуратурасида ҳамда Республика Бош прокуратурасида масъул вазифаларда ишлаган. Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Оҳангарон шаҳри, Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани прокурори лавозимларида фаолият олиб борган.

















