2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, республика бўйича 49 минг 594та ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Отамуродов маълум қилди.
Жами ноқонуний эгаллаб олинган ерлар 11 минг 284 гектарни ташкил қилган.
Хусусан:
- сувли экин ерлари – 6 минг 74 гектар;
- лалми экин ерлари – 1 минг 352 гектар;
- кўп йиллик дарахтзорлар – 422 гектар;
- яйловлар ва пичанзорлар – 1 минг 533 гектар;
- бошқа тоифадаги ерлар – 1 минг 905 гектар.
Таъкидланишича, ноқонуний эгалланган ерларнинг энг катта қисми томорқа сифатида фойдаланиш мақсадида (3 минг 364 гектар) ўзлаштирилган. Шунингдек, уй-жой қуриш мақсадида (3 минг 148 гектар), балиқ ҳовузи қуриш мақсадида (580 гектар), нотурар жой қуриш мақсадида (533 гектар) ва бошқа мақсадларда (3 минг 619 гектар) ер майдонлари эгаллаб олинган.
Ер назорати инспекторлари томонидан 35 минг 715 нафар шахсга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган.
Маълумот учун, қонунчиликда ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги учун маъмурий жазо белгиланган. Жумладан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқароларга БҲМнинг 10 баробаридан 15 баробаригача, мансабдор шахсларга эса 20 баробаридан 30 баробаригача жарима солиш ёки 15 суткагача қамоқ жазоси белгиланади.
Шунингдек, қонун бузилиши даражасига қараб 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари ҳам қўлланилиши мумкин.
Аввалроқ, Андижонда охирги 3 йил давомида кадастр соҳасига алоқадор 8та коррупция ва фирибгарлик ҳолатларининг 70 фоиздан кўпроғи соҳанинг собиқ ходимлари билан боғлиқ экани айтилганди















