Kun.uz ҳали тадқиқ қилинмаган ҳудудда бўлиб, қоятошларда акс этган ҳайвонлар ва бошқа англаш қийин бўлган суратларни тасвирга олди.

Бизни Жомбой туманидаги 51-умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс бериб келаётган Муҳриддинхўжа Холсаидов ҳудудга бошлаб борди. Ўқитувчи бевосита археологик топилмаларга ҳам қизиққани боис, Булунғурда мактаб ўқувчиси томонидан қоятошларда ноодатий тасвирлар топилганига эътибор қаратганини айтмоқда.

Тасвир туширилган қоятошлар аҳоли яшаш пунктидан 6–7 километр ичкарида Боғбон маҳалласининг Ботбот қишлоғида жойлашганига гувоҳ бўлдик. Ҳудудга одамлар жуда кам боришаркан. Қир-ялангликларда чўпонларнигина учратишингиз мумкин. Қоятошлардаги тасвирларга эса ҳамма ҳам синчиклаб эътибор қилмагани учунми, шу кунгача бу ҳақда кимдир маълумотга эга бўлмагани айтилмоқда.

Булунғур туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси ҳам тасвирларни тасодифан пайқаб қолганини билдирди. Китоблардаги тасвирларни эслатиб юборган бу суратлар уни бу ҳақда бошқаларга ҳам маълум қилишга ундаганини айтмоқда.

«Қоятошлардаги тасвирларда шохдор тоғ эчкилари суратини ҳам кўрдим. Бундай ҳайвонлар ҳозирги кунда бизнинг ҳудудларда учрамайди. Қолаверса, бу жойда чашманинг борлиги ҳам эътиборимни тортди. Тўрт фаслда ҳам бу тоғ тизмаларида сув бўлади. Айнан шу жиҳат ҳам ушбу манзил қадимий одамлар макони бўлганига ишора қила олади. Чунки азалдан ҳудудда яшаш учун шароит бўлган. Шунингдек, дастлабки қуролларни ясаш учун қулай бўлган тошлар ҳам кўп учради бу ерда. Шу каби хулосаларга асосланиб, Самарқанд давлат университети археолог олимларига хабар бердик. Улар тезлик билан етиб келишди ва бу тасвирлар кеча ёки бугун пайдо бўлмаганини, камида етти-саккиз минг йиллик тарихга эга эканлигини тасдиқлашди», — дейди Жомбой туманидаги 51-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Муҳриддинхўжа Холсаидов.