15 феврал – Халқаро болалар онкологиясига қарши курашиш кунида, Ўзбекистонда онкологик ташхис қўйилган болаларга ёрдам кўрсатувчи «Эзгу амал» жамоат фонди ўз фаолиятига доир ҳисобот тақдимотини ўтказди.
Тақдимотда иштирок этган жамоатчилик фаоли, журналист Ирина Матвиенко ўз мисолида онкология соҳасида дуч келган муаммолари ҳақида сўз юритди.
«5–6 йил аввал онкологик касалликка чалинганларга ёрдам берувчи фонд очишни режалаштиргандим. Қўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар савдосини йўлга қўйиш ва бундан тушадиган маблағга беморларга ёрдам кўрсатиш назарда тутилганди. Фонд учун ҳомийлар ҳам топилган, пул беришга тайёр бўлганлар бор эди.
Аммо фондни рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигидан 4 маротаба рад жавобини олганман. Вазирлик ходими чақириб: «Фонд низоми мукаммал ишлаб чиқилган, аммо сизга юқоридан рухсат беришмаяпти, шунинг учун барибир рад қилишда давом этамиз», деган.
Шундан кейин қанотларим синди ва бу ишни ташлаб қўйдим. Ҳозир «Эзгу амал» жамоат фонди сингари бу билан шуғулланаётганлар борлигидан хурсандман.
Ўшанда беморларга «SMS» орқали маблағ йиғишни йўлга қўйиш учун мобил алоқа операторлари билан гаплашганмиз. Маълум бўлишича, «SMS» орқали ўтказиладиган ҳар бир маблағдан тахминан 30 фоиз атрофида автоматик равишда солиқ ушлаб қолинар экан. «SMS»дан тушаётган пуллар сайтда кўриниши керак эди. Дейлик, бир киши 10 минг сўм хайрия қилса, шундан фақатгина 7 минг сўм ҳисобга тушганини сайтдан кўради. 3 минг автоматик равишда солиққа кетади. Beeline компанияси билан бу борада гаплашганимизда масалани ҳал қилишга уринишган, лекин бу борада қонунчиликда ҳеч қандай имтиёз кўзда тутилмаган. Шунда компаниядагилар солиққа кетаётган фоизни ўз ҳисобларидан қоплаб беришларини айтишган.
Лекин нега? Бу фарқни алоқа оператори ёпиши керак эмас. Майли, компания истаса агар, ўзи кўнгилли равишда беморларга ёрдам учун пул ўтказиши мумкин. Лекин у солиқдаги фарқни қоплашга мажбур эмас. Бу – давлатнинг мажбурияти. Давлат хайрия мақсадида амалга ошириладиган ҳар қандай тўловларни солиқдан озод қилиши лозим. Балки шунда Ўзбекистонда беморлар учун «SMS» орқали керакли маблағни йиғиш амалиётини ҳам йўлга қўйса бўлади», – дейди у.
Матвиенко республика онкология маркази ҳақида тўхталди.
«Эзгу амал» онкология соҳасидаги муаммоларни кўтариб чиққач, Республика онкология маркази гўёки ҳаммаси жойида экани ҳақидаги материални чоп этди. Шунда мен ўз Telegram-каналимда одамлардан саратон билан боғлиқ бахтли якун топган ҳикояларни юборишларини сўрадим.

















