Президентнинг ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга оид фармони билан жорий йил 1 мартдан бошлаб, Ўзбекистон фуқароларидан меҳмонхонада яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилиши белгиланди.
Таъкидланишича, эндиликда туризм компанияси ёки меҳмонхона Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча яшаш учун жойлаштирганда, ҳар бир яшаган куни учун (яшаш учун тўловдан ташқари) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда, туристик (меҳмонхона) йиғимни ҳам тўлайди.
Маълум қилинишича, маҳаллий аҳолидан йиғиладиган туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Туристик йиғим ҳам солиқми? ДСҚ изоҳ беради
Давлат солиқ қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, айрим ОAВ ва блогерлар томонидан йиғим ва солиқ тушунчаси янглиш талқин қилинмоқда.
«Солиқ кодекси бўйича йиғим ва солиқ тушунчаларининг фарқи шундаки, йиғим маълум бир мажбурий тўлов эвазига уни тўловчига муайян ҳуқуқларни, ҳаракатларни ёки рухсат этувчи ҳужжатларни беришни назарда тутса, солиқ эса аксинча, мажбурий беғараз тўлов ҳисобланиб, бунда солиқни тўловчи шахсга йиғим сингари маълум бир ҳуқуқларни тақдим этмайди ва солиқлар фақат Солиқ кодекси билан белгиланади», – дейилади қўмита изоҳида.
Туристик йиғим ундирилиши маҳаллий тадбиркорлар учун нимани англатади? Kun.uz туризм бизнеси билан шуғулланадиган айрим тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
«Turon travel» компанияси таъсисчиси, тадбиркор Aбдурасул Aбдуҳалиловнинг фикрига кўра, фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан туристик йиғим ундирилиши мақсадга мувофиқ эмас.
«Aввало, туристик йиғим нималигини билишимиз лозим, бу – туристлардан Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш ва мамлакатни хорижда реклама қилиш учун сарфланадиган маблағлар учун йиғиладиган йиғим ҳисобланади. «Ўзбектуризм» қўмитаси халқдан туристик йиғим йиғиб Ўзбекистонни хорижда реклама қилади. Ички туризмни ривожлантириш учун давлат ички туристик объектларни реклама қилиши шарт эмас. Туристик йиғим жуда кичик сумма бўлган тақдирда ҳам у мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби, Ўзбекистондаги тадбиркорлар, меҳмонхона, музей эгалари ички туризм учун рекламани ўзи ташкил қилади, чунки бу тижорат, бизнеснинг маркетинг қисми», – деди у.














