Қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлигини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Глобал иқлим ўзгаришлари таъсирида Ўзбекистондаги бу неъмат танқислиги йилдан-йилга кўпроқ сезилмоқда.
Бу йил Ўзбекистонда суғорма деҳқончилик учун сув таъминоти қандай бўлади? Ёғингарчилик миқдори-чи? Деҳқон, фермер, кластер ва томорқа ер эгалари қандай шароит ва вазиятларга тайёр туриши керак?
Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюновга юзланди.
Суюновнинг вазирлик мутасаддиларига таяниб маълумот беришича, гидрометеорологик вазият таҳлили ва дастлабки баҳолаш натижалари 2021 йил вегетация (ўсимликларнинг ўсув даври, апрель, сентябрь ойлари – таҳр) даврида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг аксарият дарёларида сув сарфи меъёрга нисбатан сезиларли камайишини кўрсатмоқда.
«Бу Фарғона водийси жанубидаги дарёларда 90-100 фоиз, Вахш, Зарафшонда 85-95 фоиз, Сурхондарё, Норинда 80-90 фоиз, Қашқадарёда 75-85 фоиз, Қорадарё, Чирчиқ, Оҳангаронда 70-75 фоиз, Фарғона водийси шимолидаги дарёларда 60-70 фоиз дегани.
Бу кўрсаткичлар дарёлар сувлари, ёғингарчилик миқдоридан келиб чиқиб, кўп йилликка нисбатан шу йил кутилаётган сув миқдори ҳисобланади.
Ёғингарчилик миқдори шундай давом этса (суҳбат 18 февраль куни ёзиб олинган – таҳр) 2021 йил ёзги суғориш мавсумида сув таъминоти даражаси 2018 йилдаги вазиятга ўхшаш бўлади (меъёрга нисбатан 25 фоизга кам).
Агар февраль-март ойларида ёғингарчилик яхши бўлмаса, 2008 йилги кўрсаткичларга яқин, яъни сув танқислиги бўлиш эҳтимоли мавжуд», – деди у.
Мулозимга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги сув омборларида сув захираси 10 млрд м3 бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 2,3 млрд м3, ўртача кўп йилликка нисбатан эса 1,5 млрд м3 га кам.
Ҳозирда Андижон ва Чорвоқ сув омборларида кўп йилликка нисбатан 25-30 фоизга кам сув захираси йиғилган бўлиб, сув омборларига сув захираларини йиғиш давом этяпти.
«Тоғларда ёғинлар ва мавсумий қор тўпланиш жараёни апрель ойигача давом этиши сабабли 2021 йилнинг вегетация даврига сув сарфининг дастлабки прогнози март ойи бошланишида тайёрланади.
Шундан келиб чиқиб, 2021 йил вегетация мавсуми учун барча манбалардан суғориш ишларига 26,9 млрд м3 сув лимити ажратилган.
2020-2021 йиллар кузги-қишки мавсумда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, шўр ювиш ва яхоб суви бериш ишларини амалга ошириш учун 10,6 млрд м3 сув лимити ажратилган бўлиб, шу кунга қадар сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда 6,8 млрд м3 сув етказиб берилди (2020 йилнинг шу даврига таққослаганда 1,5 млрд м3 сув кам сарфланган), – деди Суюнов.
















