2019 йил 1 октябрдан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни кучга кирган эди.
2021 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг ташаббуси билан қабул қилинган қонун асосида ҳужжатга қуйидаги мазмундаги 27-1-модда қўшилган:
«Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».
Қонуннинг бу моддаси 2021 йил 16 апрелдан кучга киради.
Бу банд кучга кирганидан сўнг Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter каби ижтимоий тармоқлар, Gmail, Mail.ru почта хизматлари ва Google, Яндекс каби интернет сервислари Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган маълумотлар базаларини (серверлари) жисмонан Ўзбекистонга олиб келиб сақлашлари шарт бўлади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари фойдаланадиган барча ижтимоий тармоқларнинг бош офисларига қонунчиликдаги янгилик ҳақида расман маълум қилинган ва қонун кучга киргунга қадар серверларни Ўзбекистонга кўчириб келиш чораларини кўриш сўралган.
Шунингдек, яқин кунларда бу банднинг бажарилиши ва техник шартлари юзасидан норматив ҳужжат тайёрланади.
Вазирликка кўра, хорижий компаниялар серверларини Ўзбекистонга олиб келишни хоҳламаса, улар билан бошқача тарзда ҳам музокаралар олиб борилиши мумкин. Масалан, Ўзбекиcтон фуқароларига шахсий маълумотларини киритмаган ҳолда тармоқда рўйхатга олинишига рухсат берилиши каби.
Лекин, ҳар қандай ҳолда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланувчи ёки уларни тўпловчи тармоқлар серверларни Ўзбекистонга олиб келишни рад қилса ёки бошқача келишувга бормаса, уларнинг иши судга оширилади. Суд агар бу ижтимоий тармоқ «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузган деб топса, унинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини тақиқлаш тўғрисида, яъни блок қилиш бўйича қарор чиқариши мумкин.

















