Давлат солиқ қўмитасининг раиси, раис ўринбосарлари, масъул департамент директорлари 23 февраль куни «обналчилар» можароси юзасидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди.
Унда ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев масала юзасидан тадбиркорлар томонидан сўралган «молиявий амнистия» қўлланилишига доир айрим мулоҳазасини билдирди.
«Aгар тадбиркор ДСҚга ариза билан мурожаат қилса, биз аризани кўриб чиқамиз ва тўланмаган ҚҚС суммасини тўлаш учун «обналчилар» билан ишлаган тадбиркорларга олти ойлик амнистия берилади. Яъни тўланмаган солиқни ҳисоблаб, олти ой муддатга тенг бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари, 1 апрелгача «обналчи» корхоналар билан ишлаган тадбиркорлар ўз истаги билан тўғри ҳисобот топширса, жиноий жавобгарликка тортилмайди. Шунингдек, солиқ тартибини бузгани учун 20 фоизлик жарима ҳам қўлланилмайди. Aгар шунга келишсак, мен бу ҳақда ахборот тайёрлайман, юристлар кўриб чиқади. Бу қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ва Олий Мажлис депутатлари розилиги билан амалга ошади»,– деди қўмита раиси.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, олти ойлик амнистия даврида ҳам ҳисобланган ҚҚС суммасини тўлай олмаган тадбиркорлик субъектларига инкассо топшириқлари қўйилиши маълум қилинган.
Шунингдек, мулоқотда иштирок этган тадбиркорлардан бири олти ойлик муддат ҳисобланган солиқ қарзларини тўлашга етарли эмаслигини, сабаби унда 7 та корхонаси борлиги, амнистия тўланмаган суммага нисбатан белгиланишини таклиф этган. ДСҚ раиси томонидан муддат фақат 6 ойлигини, ҳали ўртада жиноий иш очмасликка ҳаракат кетаётгани билдирилди.

Тадбиркорлар билан суҳбат давомида шубҳали корхоналар рўйхати эълон қилинмаган давр учун «обналчилар» билан ишлаган тадбиркорлар жавобгар бўлаётганига ҳам изоҳ берилди.
«Солиқ идоралари шубҳали корхоналар рўйхатини кўрсатиб беришга мажбур эмас, бу ҳеч қаерда ёзилмаган. Солиқ тўловчининг ўзида, 2020 йил 1 январдан солиқ кодекси амалга киргандан бери эҳтиёткор бўлиш мажбурияти бор. Шу сабабли тўланмаган ҚҚСни ундириш шубҳали корхоналар рўйхати эълон қилинган даврдан кейин амал қилади, деган гап ўтмайди. Тадбиркор ўз ҳамкори ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, эҳтиётини қилиб ишлаши керак», – деди Кудбиев.




















