Самарқанд шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган инсонлар учун интернат уйига ташриф буюрдик. Ушбу муассасада 138 нафар кекса ва ногиронлиги бор шахслар истиқомат қилишади. Бундан аввал Оҳангарон шаҳридаги муассасада бўлгандик. Бу сафар ҳам ҳаётий кечинмалар сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
“Фарзандим бўлганида бу ерга келмасдим”
Малика Шодмонова, 60 ёш:
“Булунғур туманиданман. Бу ерга 2003 йилда келганман. 2 марта турмуш қилганман. Биринчи турмушимдан 2 фарзандли бўлдик. Лекин иккиси ҳам вафот этди. Бири туғма касалликдан, бири қўшнимизнинг кучугидан қаттиқ қўрққанидан юраги тойиб оламдан ўтди. Кейин орада турмуш ўртоғимдан ҳам ажралдим. У ерда мени ушлаб турадиган ҳеч нарса бўлмагач, амакимнинг ўғлиникида оиласи билан 3-4 йил яшадим. Ота-онам узоқ йиллар олдин вафот этишганди. Бу вақт оралиғида инсультга чалиниб қолдим. Ўнг тарафим ишламай қолди.

Ака-опаларим дори-дармонларимга қарашди. Улардан миннатдорман. Касал бўлганингиздан кейин атрофдагиларга малол келгандай бўларкансиз. Менда ҳам шу ҳолат бўлди ва яқинларимга оғирлигим тушмаслиги учун қариялар уйида яшаш учун ҳужжатларимни тайёрладим. Бу қароримга опам қарши бўлиб, ўзининг уйига чақирди. Лекин у ерга боролмасдим, чунки унинг оиласи, турмуш ўртоғи бор. Ортиқчалик қиламан, деб унамадим.
Бу ерга келгач, иккинчи марта турмуш қурдим. Эрим болалар уйида улғайган. У ҳам ёлғиз эди. Бир-биримизга меҳримиз тушиб қолди, оила қурдик. Шундан бери бахтли яшаб келяпмиз.
Қариялар уйида 8 нафар фарзанди бор инсонлар ҳам бор. Ўн фарзанди бўлган отахон ҳам яшарди, яқинда оламдан ўтди. Бундай инсонларнинг ҳолатини кўриб ҳайрон қоламан, хафа бўлиб кетаман, ачинаман. Менда ҳеч бўлмаганда битта фарзанд бўлганида эди, бу ерларга келмаган бўлардим. Фарзанди борларга ҳавасим келади. Бир оиланинг бекаси бўлиб яшаш ниятим бор эди. Афсуски, ундай бўлмади”.
“Кимга қанча куч билан зарб берсанг, сенга шунча акс-садо қайтиб келади. Бу қайтар дунё”
Аҳмад Ҳамроев, 62 ёш:
“Ёшим 62да. Бухоро вилояти, Когон туманиданман. Маълумотим олий. Ўзбекистон Миллий университети (аввалги ТошДУ) физика факультетининг ядро физикаси ва космик нурлар мутахассислигини тугатганман. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтида дарс берганман. Кейин вилоят комсомол қўмитасида ишчи ёшлар бўлими инструктори бўлиб ишлаганман. Сўнгра оилавий шароит туфайли Тошкент шаҳрига кўчиб ўтганман. Уй-жой коммунал соҳасида уста лавозимидан бошқарма бошлиғигача бўлиб ишлаганман.

















