Ушбу мусобақада Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидан Моҳигул Ҳамдамова ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Гран-прининг олтин ва кумуш медалларини қўлга киритганди.

У диск улоқтириш мусобақасининг F57 классида 32,49 метр натижа кўрсатиб, олтин медални қўлга киритган ва Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлган. Ядро улоқтириш мусобақасида эса кумуш медал соҳибига айланган.

«Шунча орзу қилиб кутган кунларим келди. 35та ўқув-йиғин машғулотларидан кейин мусобақа бошланди. Стадионга олиб киришди, қарасам, рақибларим отишмоқда. Ҳаяжондаман. Яратгандан нола қилиб сўрадим: «Аллоҳим, юзимни ёруғ қилгин», дея.

Кейин секторга олиб киришди. Биринчи отган тошим 29,80 натижада чиқди. Ундан кейин 31,37 чиқди. Орада биттасини ҳисобга олмади. Чунки, отиш жараёнида столда қимирлаш мумкин эмас эди. Мен биттасини отишда қимирлаб юбордим. Охиргисини отишда кўзларимни маҳкам юмдим. Кўз олдимга онам, ватаним, устозларим қилган меҳнатлари келди. Сўнгги улоқтиришимда 32,49 метр натижа қайд этилган экан. Таблода 32 сонининг ўзини кўрдим. Давомини кўра олмадим. Одамлар тўсиб қолишган эди. Одамлар «Ўзбекистон, Ўзбекистон» дея бақира бошлади. Устозларим ҳам хурсанд бўлиб бақира бошлади. Тўғриси, ўзим ҳам Осиё рекордини янгилашни кутмаган эдим», дейди спортчи қиз.

Спортчининг онаси Холидахон Ҳамдамова суҳбатга аралашди.

«Мусобақа бошланишини интизорлик билан кутдим. Ўзимга сиғмасдим. Соат тонгги тўртларга яқин куёвим телефон қилди: «Она, табрикланг, қизингиз олтин медални қўлга киритди», деди. Ўзимга сиғмай кетдим. Шу вақт акаси келиб қолди. Ўғлимни маҳкам қучоқлаб, йиғлаб юбордим», дейди онахон кўз ёшларини яшира олмасдан.

Моҳигул Ҳамдамова 1995 йилда Учкўприк туманининг «Тўқсонқовун» маҳалласида туғилган. 2011-2015 йилларда Фарғона шаҳар имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежида ўқиган. Уни битиргач, Қўқон давлат педагогика институтининг жисмоний маданият факультетига ҳужжат топширади, аммо кириш имтиҳонларидан ўта олмайди.