Спорт | 15:38 / 05.03.2021
6293
6 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» ҳали ютмаган соврин. Чемпион Самарқандда «Насаф»дан реванш оладими?

Ниҳоят, интиқлик билан кутилган янги мавсум ҳам эшик қоқмоқда. 6 март, шанба куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд Ўзбекистон Суперкубоги доирасида амалдаги чемпион Тошкентнинг «Пахтакор» ва вице-чемпион «Насаф»га қарши баҳсга мезбонлик қилади.

Янги мавсумга ким қандай тайёргарлик кўрди?

Молиявий жиҳатдан икки хил вазиятда бўлган пойтахт ва воҳанинг бош жамоалари мавсум олди тайёргарлик босқичини ҳам фарқ қиларли даражада ўтказишди. Айтайлик, «Пахтакор» Бирлашган Араб Амирликларида яхши шароитларда мавсумга ҳозирлик кўрган, Москванинг «Спартак» клубларига қарши ўртоқлик ўйинлари орқали пухта тайёрлана олган бўлса, «Насаф» январь ва февраль ойида молиявий қийин вазиятни бошдан кечирди. Рўзиқул Бердиев жамоаси йил якунларига кўра кумуш медалларга эга чиққан бўлса-да, муносиб тарзда тақдирланмади. Қолаверса, жамоа қишки ўқув-машғулот йиғинларини Қаршидаги ўз қароргоҳида ўтказишга мажбур бўлди. Февраль ойи якунига келиб йиғин Тошкентга кўчиб, бир қатор назорат баҳслари ўтказилди. Шундай экан, Қарши жамоаси ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бу баҳсга тайёргарлик кўрди. Жамоанинг сўнгги йилларда хориж йиғинларига чиқиши одат тусига айланган бўлса-да, 2021 йилда клуб Қарши ва Тошкентдаги йиғин билан чекланди. 

 Жамоалар таркибидаги ўзгаришлар

Таркибдаги ўзгаришлар масаласида «Пахтакор» кўпроқ йўқотишларга учради дейиш мумкин, аммо Шота Арвеладзе ўрнини эгаллаган Питер Хюистра етакчилар ўрнини муносиб кадрлар билан тўлдира олди. Мисол учун, жамоани Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов сингари етакчи футболчилар тарк этган бўлса, уларнинг ўрнига Қатардан Сардор Рашидов, «Насаф»дан Шароф Муҳитдинов, «Навбаҳор»дан Азиз Турғунбоев сингари ҳужумкор яримҳимоячилар келиб қўшилди. Селекция борасида ҳам «Пахтакор» мақтана олади. Клуб мавсумлар оралиғида трансферларда анча фаол бўлди.

 Афсуски, «Насаф» бу сафар ҳам молиявий имкониятлари чеклангани сабабли етакчисини асосий рақиби - «Пахтакор»га қўйиб юборишда давом этди. Рўзиқул Бердиев ўзи тарбиялаган яримҳимоячи Шароф Муҳитдиновни пойтахт клубига ўтишдан қайтара олмади. Шунингдек, Бобур Абдухолиқов ҳам Қаршидан Украина клубига кўчиб ўтди. Ўтган мавсум порлаган легионер Марко Станоевичга ҳам бир қатор клублар «оғиз солган» бўлишса-да, сербиялик яримҳимоячи охир-оқибат Қашқадарёда қолишга қарор қилди. Бердиев етакчилар ўрнини бу сафар ҳам ёшлар билан тўлдиришга интилди. Шунингдек, «Динамо»дан Суҳроб Нуруллоев, «Шўртан»дан эса Шокир Йўлдошев таклиф этилди, холос. Аммо бу ўйинчилар ўз даражалари билан Шароф Муҳитдинов ёки Бобур Абдухолиқовнинг ўрнини билинтирмаслиги ҳозирча қийин масала.

Хюистра ва Бердиев асосий таркибда кимларга ишонади?

Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳсдаги таркиб барчани қизиқтириши аниқ. Футболни соғинган мухлислар Самарқанддаги учрашувда янги мавсумнинг илк тўқнашувига гувоҳ бўлишади. Шу куни нафақат Самарқанд, балки Қарши ва Тошкентдан ҳам мухлислар кўҳна шаҳарга келишлари кутилмоқда. Чипталар сотувга чиқарилган. Ўйингоҳ мухлислар билан байрамона атмосферага кирса ажаб эмас.  

«Пахтакор» тахминий таркиби:

Элдор Суюнов, Ҳожиакбар Алижонов, Егор Кримец, Анзур Исмоилов, Фаррух Сайфиев, Аброр Исмоилов, Сардор Собирхўжаев, Сардор Рашидов, Азиз Турғунбоев, Драган Черан, Эрен Дердийўқ.

«Насаф» тахминий таркиби:

Абдувоҳид Неъматов, Умар Эшмуродов, Ҳусниддин Алиқулов, Шерзод Насруллаев, Мурод Хўжамбердиев, Жўрабек Маннонов, Ҳусайн Норчаев, Суҳроб Нуруллоев, Акмал Мозговой, Ойбек Бозоров, Марко Станоевич.

Олтинчи Суперкубок. «Пахтакор»нинг 4-уриниши

Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳс футболимиз тарихида 6-маротаба ўтказилади. Бунгача учрашувлар Фарғона ва Тошкентда ўтказилган бўлса, бу сафарги баҳсга Самарқанд мезбонлик қилади.

«Пахтакор» ҳозиргача Суперкубок баҳсида 3 маротаба майдонга тушган бўлса-да, ҳалигача ушбу совринга эга чиқмаган. Яъни футболимиз байроқдори музейида ушбу соврин йўқ. «Насаф» эса 2016 йилда айнан «Пахтакор»ни мағлуб этган ҳолда бу совринга эга чиққан. Бу баҳсда Тошкент жамоаси Қарши клубидан ўша мағлубият учун реванш олиш имкониятига эга бўлади.

 

 Ўзбекистон Суперкубоги-1999

«Навбаҳор» - «Пахтакор» - 4:2

Фарғона, 6000 томошабин.

Голлар: Шуҳрат Раҳмонқулов 21, Леонид Кошелев 54, 78, Сайдулло Турсунов 74 - Андрей Акопянц 28, 89.

Ўзбекистон Суперкубоги-2014.

«Локомотив» – «Бунёдкор» - 1:2

Тошкент. «Жар» стадиони, 4751 томошабин.

Голлар: Вячеслав Шевченко 8 - Александр Пишур 27, Воҳид Шодиев 67.

 Ўзбекистон Суперкубоги-2015

«Пахтакор» – «Локомотив» - 0:4

Тошкент, «Бунёдкор» стадиони, 7216 томошабин.

Голлар: Лутфулла Тўраев 37, Темурхўжа Абдуҳолиқов 49, Корьян 56 пен., Марат Бикмаев 89

 Ўзбекистон Суперкубоги-2016.

«Насаф» - «Пахтакор» - 1:0

Тошкент. «Бунёдкор» стадиони, 4748 томошабин.

Гол: Артур Геворкян (39)

 Ўзбекистон Суперкубоги-2019.

«Локомотив» - ОКМК - 2:1

Тошкент. «Пахтакор» стадиони, 18 171 томошабин.

Голлар: Темурхўжа Абдуҳолиқов 12, Йован Жокич 75 - Зафар Полвонов 77.

 «Пахтакор» - «Насаф». Ўзаро сўнгги ўйинлар:

2019 йил. «Насаф» - «Пахтакор» - 1:2

2019 йил. «Пахтакор» - «Насаф» - 2:1

2018 йил. «Пахтакор» - «Насаф» - 4:0

2018 йил. «Насаф» - «Пахтакор» - 2:3

2017 йил. «Насаф» - «Пахтакор» - 4:0

2017 йил. «Пахтакор» - «Насаф» - 2:1

2016 йил. «Насаф» - «Пахтакор» - 2:1

2016 йил. «Пахтакор» - «Насаф» - 1:1.

 6 март (шанба)

Ўзбекистон Суперкубоги ўйини

«ПАХТАКОР» – «НАСАФ»

Стадион: Самарқанд, «Динамо» ўйингоҳи.

Чипта нархи: 10 минг сўм.

Ўйин бошланиш вақти: 16:00

ТВ-трансляция: «Дунё бўйлаб».

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид