Президент “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш;
- хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш;
- ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;
- турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш;
- хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни чуқур таҳлил қилиш, илғор тажрибалар асосида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
- хотин-қизларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш чораларини кўриш;
- ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, уларга услубий-амалий кўмаклашиш;
- “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизлар муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.
Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси жойларга чиққан ҳолда, қуйидаги йўналишларда ишларни ҳар бир хонадон ва маҳалла кесимида ташкил этиши белгилаб қўйилди:
- хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини уйма-уй юриш орқали ўрганиш ишларини ташкил этиш, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларининг аёллар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил қилиш;















