Ўзбекистон | 09:26 / 10.03.2021
4345
2 дақиқада ўқилади

Маъмурий қамоққа олинган шахслар билан учрашувга келганлардан талаб қилинувчи ҳужжатлар рўйхати ўзгаради

Ички ишлар вазирининг “Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб-қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ички тартиб-қоидаларига киритилаётган ўзгартиришларга кўра, махсус қабулхонага маъмурий қамоққа олинган шахслар қатор ҳужжатлар асосида қабул қилинади.

Улар:

  • жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди қарори, фавқулодда ҳолат режими шароитларида эса, шунингдек ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғининг қарори;
  • маъмурий қамоққа олинган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати.

Бундан ташқари, маъмурий қамоққа олинган шахсларга маъмурий қамоқни ўташ даврида бир марта қариндошлари ёки бошқа шахслар билан давомийлиги бир соатгача бўлган учрашув берилади. Айрим ҳолларда, маъмурий қамоққа олинган шахсларга махсус қабулхона маъмурияти рухсати билан давомийлиги бир соатгача бўлган қўшимча учрашув берилиши мумкин.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар билан учрашувга келган шахслардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

  • адвокатдан – ордер ва адвокатлик гувоҳномаси;
  • маъмурий қамоққа олинган шахснинг қариндоши ёки бошқа шахсдан – ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат.

Санаб ўтилган шахслардан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид