Спорт | 14:34 / 12.03.2021
19040
9 дақиқада ўқилади

1,7 миллион долларлик трансфердан 150 минг евролик ўтишгача. 2021 йилда янги клубга ўтган ўзбекистонлик 10 легионер

2021 йилги мавсум олдидан ўзбекистонлик бир қатор футболчилар ўз фаолиятлари давомида илк марта легионерга айланишди. 2020 йил Суперлига, ОЧЛ ёки миллий жамоамиз сафида ўзини яхши кўрсата олган аксарият ўйинчилар янги мавсум олдидан хориж клублари билан шартнома имзолашди. Ушбу трансферларга назар ташлаган Tribuna.uz бу йил легионерга айланган ёки хориждаги клубини янгилаган ўзбекистонлик футболчилар ўнлигини тузди.

Жалолиддин Машарипов

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Шабоб Ал-Аҳли» (БАА)

Ўтиш мақоми: трансфер (1,7 миллион евро) 

Ўзбекистон Суперлигасининг 2020 йилдаги энг яхши футболчиси ниҳоят легионерга айланди. «Пахтакор» сафида ички турнирларда барча совринларни қўлга киритган Жалолиддин Машарипов Европага кетиши кутилган бўлса-да, якунда Осиё варианти маъқул деб топилди. «Пахтакор» 27 ёшли ҳужумкор яримҳимоячисини Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клубига 1,7 миллион АҚШ долларига трансфер қилган бўлса-да, легионерлар чеклови сабабли саудлар Машариповни ярим мавсумга БААнинг «Шабоб Ал-Аҳли» клубига ижарага бериб юборди. Жалолиддин аллақачон дубайликларнинг етакчи футболчисига айланиб улгурди.

Достонбек Ҳамдамов

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Ҳатта» (БАА)

Ўтиш мақоми: эркин агент

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони сафини Машариповдан ташқари, ўнг қанот яримҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов ҳам тарк этди. 24 ёшли футболчи эркин агент сифатида Бирлашган Араб Амирликларининг «Ан-Наср» клубига ўтганди, бироқ Дубай клуби Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси билан 1,5 йиллик шартнома имзолаганига қарамай, уни чемпионат аутсайдери «Ҳатта»га ижарага бериб юборди. Ҳамдамовнинг бу жамоада иши ҳозирча юришаётгани йўқ – 4 ўйинда майдонга тушиб гол эмас, қизил карточка билан чекланди. Ҳамдамовнинг БААдаги фаолияти «Анжи»дагидек кўриниш олмаслиги учун ҳам яримҳимоячи легионерлик мақомини оқлаши шарт. 

Одил Ҳамробеков

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Шабоб Ал Аҳли» (БАА)

Ўтиш мақоми: ижара

Дубайнинг «Шабоб Ал-Аҳли» жамоаси ўзбекистонлик футболчиларга асосий харидорга айланган. Ўтган мавсум «Насаф»дан 500 минг АҚШ доллари эвазига Азиз Ғаниевни ўз сафига қўшиб олган Дубай клуби мавсум бошида Жалолиддин Машариповни «Ан-Наср»дан ижарага олди. Ғаниев жиддий жароҳат олиб сафдан чиққач, амирликлар клуби «Пахтакор»га таклиф билан чиқиб, Одил Ҳамробековни ярим йиллик ижарага олишди. Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси фаолиятида илк марта легионерга айланди ва у Азиз ўрнида ўзини кўрсата олса, фаолиятини яна хорижда давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Игорь Сергеев

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Актобе» (Қозоғистон)

Ўтиш мақоми: эркин агент

Ўзбекистон миллий жамоасининг 27 ёшли ҳужумчиси Игорь Сергеев фаолияти давомида учинчи марта легионерга айланди. Бунгача 2016-2018 йилларда Хитойнинг «Бэйжинг Гоан» ва БААнинг «Ал-Дафра» клубларига тўп сурган Игорнинг хориждаги фаолияти унча ўхшамаганди. Ўтган икки мавсумда «Пахтакор» сафида Суперлигада жами 34та гол урган Сергеев учинчи уринишда қўшни Қозоғистон чемпионатини танлади. Қозоғистон Премьер-лигаси дебютанти бўлган «Актобе» 27 ёшли ҳужумчини эркин агент сифатида таклиф этди. Сергеев учинчи уриниши ҳам омадсиз якунланмаслиги учун бор куч ва ғайратини ишга солиши аниқ.

Бобур Абдухолиқов

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Рух» (Украина)

Ўтиш мақоми: эркин агент

Қаршининг «Насаф» клуби ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов ҳам ўз фаолиятида илк марта легионерлик мақомини олди. «Аждарлар» сафида 6 йил давомида тўп сурган 23 ёшли ҳужумчи ўтган мавсумда 25 ўйинда 17та гол уриб, ўзига ишонган ҳолда хорижга йўл олишга қарор қилди. Осиё клублари таклифини рад этган Абдухолиқов Украина Премьер-лигаси вакили «Рух» сафига бориб қўшилди. Ҳужумчи украиналиклар сафига эркин агент сифатида қўшилган. Чемпионатнинг ўртамиёна жамоаси саналмиш Львов клуби ўзбекистонлик ҳужумчини ҳозирча асосий таркибда эмас, ёшлар жамоаси сафида майдонга туширмоқда. 

Ислом Кенжабоев

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Чеджу Юнайтед» (Ж.Корея)

Ўтиш мақоми: эркин агент

Рўзиқул Бердиев қўл остида 5 йил давомида тўп сурган Ислом Кенжабоев «Насаф»дан Суперлиганинг бошқа клубларига эмас, хорижга йўл олди. 21 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи фаолияти давомида илк марта легионерга айланди. Жанубий Корея Кей-лигаси вакили «Чеджу Юнайтед»дан таклиф олган Кенжабоев январь ойида клуби томонидан расман таништирилди. Ўзбекистонлик футболчи ўтган уч тур давомида жамоаси сафида майдонга тушмади. «Чеджу» Жанубий Корея чемпионати 3-туридан кейин 12 клуб орасида 5-ўринда бормоқда.

Остон Ўрунов

Собиқ клуби: «Спартак» (Россия)

Янги клуби: «Уфа» (Россия)

Ўтиш мақоми: ижара

Ўтган йилнинг сентябрь ойида «Уфа»дан «Спартак»га ўтган Остон Ўрунов Москвадаги ярим йиллик фаолиятидан кейин яна Бошқирдистон клубига қайтишга қарор қилди. Ўзбекистон миллий жамоасининг 20 ёшли яримҳимоячисини «Спартак» сотиб олиш ҳуқуқи билан «Уфа»га мавсум якунига қадар ижарага берган.

«Спорт-Экспресс» маълумотларига кўра, уфаликлар чемпионат якунигача Остон Ўруновнинг ойлик 50 минг АҚШ доллари маошини тўлаш билан бирга мавсум охирида Ўруновни 1 миллион АҚШ долларига сотиб олишлари талаб этилади.

Жасурбек Яхшибоев

Собиқ клуби: «Шахтёр» (Беларусь)

Янги клуби: «Легия» (Польша)

Ўтиш мақоми: эркин агент

2020 йилда Беларусь чемпионатига йўл олиб, мусобақа кашфиётига айланган Жасур Яхшибоев «Энергетик-БГУ» сафидаги тўпурарликдан кейин мавсумнинг иккинчи қисмини «Шахтёр» сафида ўтказди ва солигорскликлар таркибида чемпионатнинг энг яхши тўпурарларидан бири бўлиш билан бирга мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Қишки трансфер ойнасида Яхшибоев олдида Осиё ва Суперлиганинг гранд клубларидан таклифлар тушган бўлса-да, 22 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи Польшанинг амалдаги чемпиони «Легия» таклифини қабул қилди. Яхшибоев Варшава клубида ҳали ўз дебютини нишонламади, аммо ёзда у Европа Чемпионлар лигаси саралаш босқичида тўп суриш имкониятига эга бўлади.

Мурод Тўйчибоев

Собиқ клуби: «Бразерс Юнион» (Бангладеш)

Янги клуби: «Торпедо» Кутаиси (Грузия)

Ўтиш мақоми: эркин агент

Ўзбекистон чемпионатида «Нефтчи», «Динамо», «Навбаҳор» клубларида тўп сурган 28 ёшли чап қанот ҳимоячиси Мурод Тўйчибоев 2020 йилги мавсумда легионер бўлишга қарор қилди ва Бангладешнинг «Бразерс Юнион» клубига ўтганди. Жорий мавсумда футболчига Суперлигадан таклиф тушган бўлишига қарамай, Мурод фаолиятини хорижда давом эттиришга қарор қилди ва 2021 йилги мавсум олдидан Грузиянинг «Торпедо» Кутаиси жамоаси билан шартнома имзолади. Ўзбекистонлик ҳимоячи кутаисиликлар сафида асосий таркибда муқим жой олган, аммо «Торпедо» Грузия Олий лигаси 3-туридан кейин битта дуранг билан 9-ўринни банд этиб турибди.

Шаҳзодбек Убайдуллаев

Собиқ клуби: «Металлург» (Ўзбекистон)

Янги клуби: «Шахтёр» (Беларусь)

Ўтиш мақоми: трансфер (150 минг евро)

2020 йил бошида 500 миллион сўм трансфер пули эвазига «Машъал»дан «Металлург»га ўтган Шаҳзодбек Убайдуллаев Суперлига ўтган мавсумида Бекобод жамоаси сафида энг яхши тўпурарга айланди. Натижада 23 ёшли форвардга Суперлига клублари билан бирга хориж жамоаларидан ҳам таклифлар бўлди. «Металлург» клуби Беларусь чемпиони «Шахтёр» билан музокарага киришиб, Убайдуллаевни 150 минг евро трансфер пули эвазига Солигорск жамоасига қўйиб юборди. «Шахтёр» ўзбекистонлик ҳужумчини ўтган мавсум жамоа сафида муваффақиятли тўп суриб, клубни тарк этган Жасур Яхшибоев ўрнига таклиф этган. Шаҳзодбек ҳам Жасур сингари Беларусь Олий лигасини забт эта олишига ишонгимиз келади.

У.Ибодов тайёрлади.

Мавзуга оид