Жаҳон | 10:33 / 12.03.2021
3893
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШ иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш бўйича 1,9 триллион долларлик ёрдам пакетини имзолади   

Фото: EPA

АҚШ президенти Жо Байден пандемия шароитида иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган 1,9 трлн долларлик чоралар пакетини тасдиқлади. Ёрдам пакети эмлаш дастурини кенгайтириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик бўйича ҳафтасига 300 долларлик қўшимча пул беришга сарфланади.  

Бир кун аввал ушбу ҳужжатни АҚШ конгресси вакиллар палатаси қўллаб-қувватлаганди. Унга 220 конгрессмен овоз берган, 211 нафари қарши чиққан. Республикачилардан бирортаси демократлар таклиф қилган ушбу ёрдамни қўллаб-қувватламаган.

Деярли 2 трлн долларлик ёрдам пакети эмлаш бўйича миллий дастурни янада кенгайтириш, мактабларнинг хавфсиз очилиши, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик бўйича ҳафтасига 300 долларлик қўшимча пул ва 3,6 минг долларлик болалар пули беришга сарфланади. CNN телеканалининг ҳисоб-китобига кўра, натижада америкалик оилаларнинг 90 фоизга яқини у ёки бу тарзда ёрдам олади. 

Республикачилар ёрдам пакети қийматининг 1,9 трлн доллардан 600 млрд долларгача туширилишини сўрашганди. Уларнинг фикрича, Байден режасига кўра, ажратиладиган пулларнинг катта қисми иқтисодиётнинг пандемиядан кейин тикланиши билан умуман боғланмаган муаммоларни ҳал қилиш учун сарфланади. 

Байден ўзининг “Америкача қутқарув режаси” деб номланган ушбу режасини 2021 йил 20 январдаги инаугурацияси вақтида эълон қилганди. Баъзи иқтисодчиларнинг фикрича, ушбу чоралар жуда катта кўламли бўлиб, иқтисодиётнинг “ҳаддан зиёд зўриқишига” олиб келади.     

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид