Ўзбекистон | 15:55 / 12.03.2021
5929
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида 2020 йилда 458 нафар солиқчига интизомий жазо қўлланилган, яна бир қанчасига жиноят иши очилган

Самарқанд вилоятида 2020 йилда иш фаолияти давомида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 458 нафар солиқ ходимига интизомий жазо чораси қўлланилган. Яна бир қанчасига коррупцион ҳолатлар учун жиноят иши очилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, солиқ ходимлари тадбиркорларга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлиши лозимлиги ҳақида уқтирилиб, уларга кенг имкониятлар яратилиб, ишонч билдириб келинаётганига қарамасдан, айрим солиқ хизмати ходимлари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари ва жиноий хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда.

Жумладан, Пастдарғом тумани солиқ инспекцияси ходими Б. хизмат мавқейидан фойдаланиб, фуқаро А.га қарашли фермер хўжалигининг солиқ тўловларидан бўлган 2,7 миллион сўмлик солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериши эвазига 1,5 миллион сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтида ушланган.

2020 йил 24 ноябрь куни Пайариқ тумани солиқ инспекцияси мутахассиси Н. фуқаро Б.га тегишли ресторан фаолиятига раҳнамолик қилиб келиши эвазига ундан 500 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилиб, жиноий шериги А. орқали олган вақтида ушланган.

Жомбой тумани солиқ инспекцияси бошлиғи А. 2020 йил март ойида Жомбойдаги корхонадан мебел жиҳозларини олиб, пулларининг бир қисмини бермаганлиги сабабли, корхона раҳбари юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг, А. қасд олиш мақсадида сохта маълумотлар асосида ушбу корхонада сайёр текширув ўтказиб, корхона раҳбарини маъмурий жавобгарликка тортган. Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 30 январь куни жиноят кодексининг 1922-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, иш фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун 2020 йилда вилоят солиқ хизмати органларининг 458 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Вилоят ҳамда ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимларининг ҳаракатлари юзасидан 2020 йилда биргина тадбиркорлик субъектлари томонидан қилинган мурожаатлар асосида жами 15 маротаба хизмат текширувлари ўтказилган.

Хусусан, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар, Пайариқ, Пахтачи, Булунғур, Нарпай, Жомбой тумани солиқ инспекциялари ходимларига нисбатан 1 тадан, Оқдарё, Ургут, Самарқанд тумани солиқ инспекциялари ҳамда вилоят бошқармаси ходимларига нисбатан 2 тадан мурожаатлар келиб тушган.

Бундан ташқари, Оқдарё тумани солиқ инспекцияси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими ходимлари С., Р., Б., Ю., Б. ва А.лар сохта маълумотнома тайёрлаб, ўзларига бириктирилган ҳудудларда яшовчи фуқаролардан 263 та ҳолатда 55,9 миллион сўм пулларни ер ва мулк солиғи сифатида қабул қилиб олиб, ушбу пул маблағларини белгиланган тартибда тижорат банкларига ёки солиқ инспекцияси ғазнасига топширмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, вилоят прокуратураси органлари томонидан 2020 йилда вилоят солиқ идораларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича:

  • 21 та протест келтирилган;
  • 25 та тақдимнома киритилган;
  • 3 нафар солиқ ходими маъмурий жавобгарликка тортилган;
  • 18 нафар солиқ ходими интизомий жавобгарликка

тортилган;

  • 1 нафар солиқ ходими расман огоҳлантирилган;
  • Судга 1 миллион 850 минг сўмлик 1 та даъво ариза киритилди, натижада беш нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган.

Мавзуга оид