Ўзбекистон Қирғизистонга 25 миллион долларлик 120 минг тонна минерал ўғит етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Қирғизистон президентининг давлат ташрифи доирасида “Ўзкимёсаноат”да “Қирғизистон ўғит етказиб берувчилар ассоциацияси” юридик шахслар уюшмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “Ўзкимёсаноат” вакиллари “Қирғизистон ўғит етказиб берувчилар ассоциацияси” юридик шахслар уюшмаси раиси Э.Акунбеков билан музокаралар олиб борди. Тадбир давомида Қирғизистонга минерал ўғитлар ва кимёвий маҳсулотлар етказиб бериш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув сўнгида томонлар “Ўзкимёсаноат” томонидан 2021-2022 йилларда Қирғизистонга қиймати 25 млн долларлик 120 минг тонна минерал ўғит етказиб бериш бўйича тижорат шартномаси имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг мавжуд минерал хомашё ресурсларидан фойдаланган ҳолда агроминерал ва биоорганик ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қиймати 1,5 млн долларлик англашув меморандуми имзоланди.









