Шерзод Aҳматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда 1 гигабайт ҳажмдаги мобил интернет хизмати ўртача нархи 6-7 минг сўмни ташкил этмоқда.
“Адлия вазири 1 гигабайт мобил интернет (Ҳиндистонда 950 сўм, Исроилда 1,2 минг сўм, Қирғизистонда 2,2 минг сўм, Италияда 4,5 минг сўм, Украинада 4,9 минг сўм, Қозоғистонда 5 минг сўм) Ўзбекистонда 16 минг сўмни ташкил этишини келтириб ўтган. Мазкур маълумотлар 2020 йил 24 февралига оид. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги операторларнинг айнан қайси тариф режа ёки пакетлари ҳақида маълумот олингани кўрсатилмаган.
2021 йил март ойи ҳолати бўйича республика аҳолисининг ойлик ўртача интернет сарфи 4-5 гигабайтни ташкил этади. Айнан шу асосда амалдаги мобил интернет пакетлари нархи таҳлил қилинса, 1 гигабайт ҳажмдаги мобил интернет хизмати ўртача нархи 6-7 минг сўмни ташкил этмоқда.
2019-2021 йилларда интернет хизматлари учун тариф мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази орқали тақдим этиладиган 1 мегабит/с тезликдаги канал нархи 2 баробарга арзонлаштирилди ва ҳозирги кунда ушбу хизмат нархи 40 000 сўм деб белгиланган.
Шу билан бир қаторда, “Ўзбектелеком” томонидан 2019-2021 йилларда:
- мобил алоқа абонентлари учун интернет пакетлари (1 мегабайт учун) нархи 5 баробаргача арзонлашди ҳамда киритилган интернет трафиги ҳажми ўртача 3-5 мартагача оширилди, бир қатор тариф режаларида тақдим этиладиган интернет трафик миқдори 30 фоизгача орттирилди;
- симли интернет хизматлари бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган интернетга кенг полосали уланиш хизматлари тарифлари нархи ўртача 4,6 баробарга пасайтирилди ва уланиш тезлиги 6-7 баробарга оширилди. Юридик шахслар учун эса интернет хизматлари нархи 3 баробардан кўпроққа пасайтирилди, интернетга уланиш тезлиги эса 4 мартагача оширилди, барча абонентлар учун Uz-IX/Tas-IX тармоқ ресурслари орқали фойдаланилган трафик учун тўлов олинмайди, ушбу тармоқлардан юқори тезликларда фойдаланиш имконияти тақдим этилди (мисол учун: ташқи интернет тезлиги 4 мегабит/с бўлган тариф режаларда Uz-IX/Tas-IX ресурсларидан 100 мегабит/с тезликда фойдаланиш имкони тақдим этилган).
Оптик толали алоқа линияларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. 2018 йилда оптик толали тармоқларнинг умумий узунлиги 26,6 минг километрни ташкил этган бўлса, 2020 йилда эса 72 минг километргача етказилди. Жорий йил охирига қадар эса ушбу кўрсаткич 118,6 минг километргача етказилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда 1 миллионта Интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 3 миллионга етказилди. 2021 йил охирига қадар портлар сони 3,9 миллионгача етказилади.















