«Клуб раҳбарияти «Металлург» жамоасида 2018-2021 йиллар давомида фаолият юритган мутахассиснинг қарорини қабул қилди ва унинг истеъфосини расман эълон қилди. «Металлург» ПФК жамоаси Андрей Сергеевичга Бекободдаги самарали фаолияти учун миннатдорлик билдиради», - дейилади хабарда.
Унинг ўрнига таниқли мутахассис Жасур Абдураимов «Металлург» бош мураббийи этиб тайинланган.
«Бугун «Металлург» ПФК раҳбарияти Жасур Абдураимовни жамоа аъзоларига расман бош мураббий сифатида таништирди ва Жасур Биродоровичнинг келгуси фаолиятига омад тилади», - дейилади клуб хабарида.
Жасур Абдураимов кейинги турдан бошлаб клуб бош мураббийи сифатида жамоани майдонга олиб тушади. У бунгача «Пахтакор» клуби мураббийлар штабида фаолият юритаётганди.
Аввалроқ, Tribuna.uz «Металлург» бош мураббийи Андрей Шипилов истеъфога чиққани ва унинг ўрнига бугунги «Бунёдкор»га қарши учрашувда футболчиларни жамоанинг ёрдамчи мураббийи Февзи Давлетов майдонга бошлаб тушиши ҳақида хабар берганди.
Эслатиб ўтамиз, Суперлига 1-туридан кейин «Металлург»дан ташқари, «Навбаҳор» клуби ҳам бош мураббий Нўъмон Ҳасановни истеъфога чиқарганди. Унинг ўрнига Виктор Жалилов Наманган клуби бош мураббийига айланганди.











