2021 йил сентябр ойидан бошлаб, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid Foundation» Футбол Академияси ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган. Шу муносабат билан, академия истеъдодларни қидириб топиш ва уларни академияга жалб этиш ишлари бошланганини эълон қилади. Aкадемия маъмурияти бу борада раҳбарият томонидан тасдиқлаб берилган иш режасига кўра танлов ишларини бошлаб юборди.

Биринчи босқич кўрик танловлари Тошкент вилояти ҳудудида олиб борилди: Янгийўл, Бўка, Оҳангарон, Aҳмад Яссавий, Бекобод шаҳри ва туманида иқтидорли ёшлар кўриб чиқилди. Уч кун давомида олтита ёш тоифасида кўрик танловлар ўтказилди. Танловда 500 нафардан зиёд болалар кўздан кечирилди ва энг истеъдодли деб топилган 85 нафар бола академияда таҳсил олиш учун танлаб олинди. Танловнинг иккинчи босқичи бутун Республикамиз ҳудудини қамраб олади. Маъмурият бу борада Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат билан чиққан. Болалар ва ўсмирлар футболига масъул департамент ёрдамида 3-8 август саналари оралиғида Фарғона водийсида, шунингдек, Сирдарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кўрик-танлов ўтказилиши режалаштирилган. 

Aйни вақтда академия скаутлари мазкур ҳудудларда ишни бошлаб юборган. Кўрик танловнинг биринчи босқичида асосан, ёш футболчиларнинг ўйин амалиёти текширувдан ўтказилади.

Tез орада Испаниядан «Real Madrid» академиясидан мутахассислар келиши кутилмоқда. Улар эндиги ушбу танловнинг иккинчи босқичини чуқурлаштирилган ва марказлаштирилган ҳолда ўтказишади. Шунга кўра, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» академиясида тарбияланувчи иқтидорли ёшлар узил-кесил танлаб олинади.

Шу ўринда, барча ёшлар диққатига айтиб ўтишни истар эдикки, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» эшиклари барча хоҳловчилар учун очиқ ҳисобланади. Бунинг учун истеъдодли болалар ўз ҳудудларидаги футбол ассоциациясига мурожаат қилиб, танловга ёзилишлари ёхуд бевосита Бекобод шаҳрига келиб, академия раҳбарияти билан учрашишлари лозим бўлади.

Ҳозирча «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» академиясида олти ёш тоифасида (11-16 ёш) ўқув гуруҳлар ташкил этилади. Барча ўқув ва машғулотлар Реал Мадрид стандартлари асосида йўлга қўйилади. Ушбу Aкадемияда таҳсил олувчи ўқувчилар футбол сир-асрорларини ўрганишдан ташқари хориж (инглиз, испан) тилларини чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштиришади. Шунингдек, ижтимоий фанлар бўйича ҳам энг малакали устозлар сабоқ бериши кутилмоқда. Ҳар ўқув йили якунига кўра, «El Golazo Academy Powered by Real Madrid» академиясининг энг иқтидорли, истеъдодли ёш ўқувчилари амалиёт ўташ учун Испанияга – қироллик клуби «Real Madrid» академиясига тажриба алмашиш мақсадида олиб борилади.