Молия вазирлиги Ўзбекистон бюджети даромадлар қисмининг 2020 йил ижроси бўйича дастлабки натижаларини маълум қилди.
Қайд этилишича, 2018 йилда бюджет даромадлари 79,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 19,4 фоиз), 2019 йилда 112,2 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 21,9 фоиз), 2020 йилда 132,9 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 22,5 фоиз) ташкил этди.
Бюджетдан ташқари жамғармалар билан биргаликда консолидациялашган бюджет даромадлари 2020 йилда 154 триллион сўм бўлиб (ЯИМга нисбатан 26 фоиз), 2018 йилга нисбатан 1,4 баробардан, 2019 йилга нисбатан 1,1 баробардан кўпроқ ошди.
Консолидациялашган бюджет даромадлари 2018 йилда 107 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,3 фоиз), 2019 йилда эса 137,1 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,7 фоиз) ташкил этган.
Солиқ ва Божхона қўмиталари таъминлайдиган даромадларнинг 2018-2020 йиллардаги динамикаси
Давлат солиқ қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2020 йилда 2018 йилга нисбатан деярли 2 баробарга ошди ҳамда 103,6 триллион сўмни ташкил этди (2018 йилда 54,2 триллион сўм, 2019 йилда 83,4 триллион сўм).
Давлат божхона қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2018 йилга нисбатан 2 баробарга ошди ва 2020 йилда 24,7 триллион сўмни ташкил этди (2018 йилда 11,5 триллион сўм, 2019 йилда 17,1 триллион сўм).
Давлат бюджети даромадлари таркибидаги ўзгаришлар
2018 йилда бюджет даромадлари асосан билвосита солиқлар ҳисобига шаклланган ва уларнинг улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қилган. Уч йиллик натижаларга кўра, бевосита ва билвосита солиқларнинг нисбати ўзгарган.
Ўзбекистон бюджетида 2020 йил якуни билан бевосита ва билвосита солиқлар улуши деярли тенг бўлди: 34 фоиз бевосита солиқлар ва 34,9 фоиз билвосита солиқлар.
Тўғри солиқ даромадларининг ўзгариши
Фойда солиғи тушумлари ҳисобот даврида 8,7 баробарга ошган ва 2020 йилда қарийб 28,7 триллион сўмни ёки ЯИМнинг 4,9 фоизини ташкил этган.
2019 йилда солиқ ставкаси 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилди. Шу билан бирга, банклар тушумлари 2018 йилга нисбатан 2019 йилда деярли 2 баробарга, 2020 йилда эса 3 баробарга ошган.















