Ўзбекистон | 00:45 / 19.03.2021
50069
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида тўхтаб қолган поездга ортдан келган поезд урилди

Тошкентда, «Олмазор» ер ости метро бекатидан Сергели йўналишининг «Чоштепа» ер усти метро бекати томон ҳаракатланиб кетаётган 4 вагонли таркиб тўхтаб қолди. Натижада шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган навбатдаги таркиб тўхтаб турган вагонга бориб урилди.

Бу ҳақда хабар берган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, вагонларга ҳам катта зарар етмаган. Биринчи таркиб «техник сабабларга кўра» тўхтаб қолган, унинг ортидан келган иккинчи таркиб олдинда тўхтаб турган вагонга бориб «енгил урилган».

Воқеа 18 март куни соат тахминан 20:10ларда рўй берган. ФВБ, ИИБ ва метрополитен ходимлари вагон ичидаги йўловчиларни хавфсиз жойга эвакуация қилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» маълумотига кўра, биринчи таркиб машинисти «Олмазор» бекатидан чиқаётиб, темир йўл линиясида бегона жисмга кўзи тушган, шу боис таркибни тўхтатган. Компания хабарида ҳам йўловчилар ва машинистлар орасида жабрланганлар йўқлиги, тўқнашув натижасида ёнғин чиқмагани маълум қилинган.

Ҳуқуқ органлари терговга қадар суриштирув ўтказмоқда.

«Сирғали» метро йўналишининг воқеа содир бўлган қисмида ҳаракат вақтинча тўхтатилгани боис қолган таркибларнинг ҳаракати қўшимча йўналиш бўйича давом эттирилган. Ҳозирда ушбу йўналишда ҳаракатлар тўлиқ қайта йўлга қўйилган.

Мавзуга оид