Иқтисодиёт | 01:46 / 20.03.2021
5035
3 дақиқада ўқилади

Бюджет даромадларининг 30 фоизини ҚҚС ташкил этди

2020 йилда республика бюджетига қўшилган қиймат солиғи тушумлари 40,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу – 2019 йилга нисбатан қарийб 9 фоизга кўп.

2020 йилда қўшилган қиймат солиғи Ўзбекистон давлат бюджети даромадларининг қарийб 30,3 фоизини ташкил этди.

Молия вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, ўтган йили солиқ идоралари томонидан маъмурийлаштириладиган ҚҚС тушумлари 20,5 триллион сўмни ташкил қилган ёки 2019 йилга нисбатан 13 фоизга камайган.

Бу, биринчи навбатда, коронавирус пандемияси сабабли иқтисодий фаолликнинг секинлашиши ва солиқ ставкасининг 20 фоиздан 15 фоизгача пасайиши, шунингдек, қўшилган қиймат солиғи бўйича солиққа тортиладиган импортнинг ошиши билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.

Божхона идоралари томонидан импорт товарларга ундириладиган ҚҚС эса 2020 йилда 19,7 триллион сўмни ташкил этган ёки 2019 йилга нисбатан 47 фоизга кўпайган. Мазкур ўсиш божхона имтиёзларининг бекор қилингани билан изоҳланади.

Умумий ҳисобда 2020 йилда республика бюджетига ҚҚС тушумлари қарийб 40,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2019 йилга нисбатан 3,2 триллион сўмга ёки 8,6 фоизга кўпдир.

Ўтган йилда ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши натижасида мамлакат ичидаги айланма бўйича имтиёзлар 15,1 триллион сўмни ташкил этди ва бу 2019 йилга нисбатан 11,4 триллион сўмга камдир. Шу даврда импорт бўйича ҚҚС имтиёзлари 15,4 триллион сўмга камайиб, 21,7 триллион сўмни ташкил этди.

2020 йилда солиққа тортиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сотиб олинган бинолар ва асосий воситалар бўйича тўлиқ ҚҚС ҳисобга олиниши жорий этилди. Ушбу бир марталик ҳисобга олиш ҳуқуқининг берилиши натижасида хўжалик юритувчи субъектлар 1 триллион сўмдан ортиқ миқдордаги муомаладаги активларни сақлаб қолишди.

Ўтган йил давомида солиқ тўловчиларга 9 триллион сўмлик ҚҚС қоплаб берилди.

Сўнгги уч йил ичида қайтарилган солиқ миқдорининг ундирилган ҚҚС миқдорига нисбати 2018 йилдаги 5,4 фоиздан 2019 йилда 8,7 фоизгача ва 2020 йилда 22,4 фоизга доимий равишда ошиб борди.

Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 22,5 фоиз), бюджетдан ташқари жамғармалар билан биргаликда консолидациялашган бюджет даромадлари 154 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26 фоиз) ташкил этди.

2021 йилги давлат бюджети даромадлари 147,2 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида бўлиши белгиланган. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 триллион сўм, харажатлари эса 40,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид