Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш мақсад қилинган.

Белгиланишича:

Ички ишлар вазирлиги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва уни ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Миллий гвардия биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди.

Қоидалар Ўзбекистон ҳудудида оммавий тадбирлар ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятлари, ички ишлар органлари, Миллий гвардия бўлинмалари, шунингдек, бошқа давлат органларининг оммавий тадбирлар ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади.

Қоидаларнинг амал қилиши йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари ва намойишларини, шунингдек тўй, оилавий, юбилей, вафот этганлар хотирасига бағишланган оилавий аза маросимлари ва тадбирларни ўтказишга татбиқ этилмайди.

Оммавий тадбирлар биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатига киритилган объектларда ўтказилиши мумкин.

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари таклифлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Айрим оммавий тадбирлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорлари асосида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилмаган жойларда ўтказилиши мумкин.

Оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома асосида, оммавий тадбир дастурига мувофиқ оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан ўтказилади.