2018 йил Ўзбкистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ташкил қилинган эди.
Ташкилот матбуот хизмати жамғарма ташкил қилинганига деярли 3 йил тўлиши муносабати билан, Kun.uz’га ўз фаолияти юзасидан ҳисоботини тақдим этди.
Унда айтилишича, ўқувчилар ташкилотнинг ўтган даврдаги фаолияти билан танишиши ҳамда ёшлар жамғарма лойиҳалари билан ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаши мумкин.
Жамғарма ҳисоб-китобларига кўра, 2018-2020 йиллар давомида ёшларнинг 8 635 та бизнес лойиҳаларига жами 1 трлн. 830 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 42 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Жумладан, ҳисобот йилларида:
Давлат дастури доирасида ишлаб чиқариш соҳасида 841,8 млрд. сўмлик 3 987 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 658,8 млрд. сўмлик 3 123 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 329,4 млрд. сўмлик 1 521 та лойиҳа реализация қилинди.
Кредит олиб ўз фаолиятини йўлга қўйган ёш тадбиркорлар томонидан 4 млн. 630 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилди ҳамда ушбу ёш тадбиркорлар томонидан давлат бюджетига йилига ўртача 100 млрд. сўмга яқин солиқлар кўринишидаги тушумлар амалга оширилди.
Шунингдек, Давлат дастури доирасида ёшларнинг жами 28,8 млрд. сўмлик 56 та лойиҳаларига Жамғарма кафиллиги тақдим этилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашилди.
Матбуот хизмати ахборотига кўра, охирги 2 йилда ҳудудларда жами 19 та «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ҳамда 202 та «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари фойдаланишга топширилган ва уларда жами 2 380 та янги иш ўринлари яратилган.
Ёшларнинг тадбиркорлик борасидаги билимларини ошириш борасида
Жойларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларнинг билимларини ошириш мақсадида малакали мутахассислар томонидан 3 180 та бизнес семинарлар ташкил этилиб, улар орқали 182 612 нафар ёшлар қамраб олинди.














