Kun.uz мухбири хабарига кўра, Молия вазирлиги департамент директори биринчи ўринбосари Бобир Худойберганов «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бажарилишида шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳоким ўринбосарлари маҳаллий депутатларга ҳар чоракда ва зарур ҳолларда ой якунида ҳисобот бериб боришини маълум қилди.

«Ажратилаётган маблағ йирик. Шу боис унинг сарфланишида шаффофликни таъминлаш ҳам асосий масала ҳисобланади. 

Бу йилги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг олдингиларидан фарқи — қайси қишлоқ ёки маҳалланинг ободонлаштириш ишлари олиб борилиши бевосита маҳаллий кенгашлар томонидан белгиланади.  

Чунки депутатлар ҳудудлардаги муаммоларни яхши билади. Қайси муаммони қандай ва қанча маблағ эвазига ҳал этишни ҳам улар яхши билишади. Шаффофлик шу тизим орқали шаклланади. 

Ушбу маблағлар сарфланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилади. Ҳоким ўринбосарлари ҳар ой ва чорак якуни бўйича ажратилган маблағлар сарфланиши ҳақида ҳисобот бериб боради», деди Бобир Худойберганов.