Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш бўйича Германия мутахассислари иштирокида техник топшириқ ишлаб чиқилган. Шунингдек, адаптив светофорлар ва сунъий интеллект асосида транспорт оқимини таҳлил қилиш йўналишида халқаро компаниялар билан музокаралар ўтказилган. Шаҳарнинг транспорт мастер режаси ва макромоделини ишлаб чиқиш ишларини жорий йил сентябр ойи якунига қадар якунлаш режалаштирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, халқаро ҳамкорлик доирасида қиймати юз миллионлаб долларга тенг бўлган йўл ўтказгичлари, туннеллар, BRT йўлаклари, икки қаватли Тошкент ҳалқа пулли автомобил йўли ҳамда бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

Шунингдек, тирбандлик юқори бўлган 271 та чорраҳада ҳаракатни самарали ташкил этиш чоралари кўрилган, қарийб 4 мингта замонавий светофор ўрнатилган, минглаб янги йўл белгилари жойлаштирилган, 176 километр йўл чизиқлари чизилган ва 719 минг квадрат метрдан зиёд асфалт қопламаси жорий таъмирланган.

Жамоат транспорти учун 25 километрлик алоҳида ҳаракат йўлаклари лойиҳалаштирилган, 220 та автобус бекати замонавий талаблар асосида янгиланган. Шунингдек, пиёдалар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш мақсадида янги пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилмоқда, тротуарлар ва светофорлар тактил плиталар ҳамда овозли сигналлар билан жиҳозланмоқда.

Кенгаш қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари ҳисоботи маълумот учун қабул қилиниб, автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишларининг ҳолати қониқарли деб топилди. Шу билан бирга, транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш ва жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.