14:58 / 26.03.2021
8666

Самарқандда «опий» гиёҳванд моддаси савдоси билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

Самарқанд вилояти Ургут туманида «опий» гиёҳванд моддасини сотаётган гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йил 22 март куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ургут тумани Терак маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.Ш. шериги М.У. билан назоратли харидорга 2,7 миллион сўм эвазига 10 грамм «опий» гиёҳванд моддасини сотган вақтда қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш. билан олиб борилган тезкор суриштирувда, у «опий»ни тоғаси – Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган А.Ж.дан олганлигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан А.Ж. ушланиб, шахсий тинтув қилинганида ёнидан тахминан оғирлиги 1,51 грамм «опий» топилган. Суриштирувда, А.Ж. ушбу «опий»ни Ургут тумани Чеп маҳалласида яшовчи 1975 йилда туғилган «Бобур» исмли шахсдан олганлигини билдирган.

Бундан ташқари, тадбир давомида ушланган М.У. ўз таниши, Ургут тумани Терак маҳалласида яшовчи 2001 йилда туғилган П.М.дан телефон орқали «опий» топиб беришини сўраган. П.М. рози бўлган. Улар кўришган вақтда П.М. ушланиб, холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, унинг ёнидан 2 дона рангсиз целлофан пакетга ўралган 0,94 грамм «опий» топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Суриштирув давомида, у «опий»ни Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи шахсдан олганлигини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур шахс аслида Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган У.И. эканлиги аниқланган. 2021 йил 24 март куни унинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликларида тинтув ўтказилганда, уйнинг чордоғидаги оёқ кийим ичига солинган тахминан оғирлиги 20 грамм «опий» гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда ва яшаш уйи ошхонасидан кўкнори ўсимлигига ўхшаш гиёҳванд модда топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят кодекснинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top